Оролга ҳаёт қайтмоқда...

Орол денгизининг қуриган қисмидаги шўрланган ерларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилаш ҳамда муносиб ҳаёт фаолиятини таъминлашга қаратилаётган эътибор юксак самара бераётир.
Президентимизнинг 2018 йил 16 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида“ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ислом Тараққиёт банки ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) илмий-техник кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази зиммасида қатор долзарб вазифалар бор.
Марказ Орол денгизининг қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ҳамда барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан инновация ва ерларнинг шўрланган ҳудудида экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
6.jpg
Шунингдек, тажриба майдонларини яратиш, технологик трансфер ва шўрланиш шароитида тадқиқотлар ўтказиш, ушбу соҳада давлат-хусусий секторлар ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги халқаро инновацион ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўяди.
Марказ юридик субъект сифатида Нукус туманида рўйхатдан ўтган. Унинг ҳузурида “Оролбўйи ҳудудида инновацияларни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилган. Нукус тумани ҳокимининг 2018 йил 6 декабрдаги тегишли қарорига асосан “Саманбой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан марказ идораси, лаборатория, замонавий меҳмонхона ва илмий-тадқиқот тажрибалари учун ер майдони ажратилди. Айни пайтда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
Марказга ёш мутахассисларни жалб қилиш мақсадида инглиз ва рус тилларини мукаммал эгаллаган 30 нафардан ортиқ ёшлар суҳбат ва тест синовидан ўтказилди. Натижада юқори кўрсатгичга эришган 6 нафар ёш мутахассис шу йилнинг февраль ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказида (ICBA) шартнома асосида илмий амалиёт ўтаб, билим ва малака оширди.
11.jpg
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 21 ноябрдаги баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида Оролбўйи халқаро инновация марказининг “Мўйноқ” участкаси ташкил этилди. Туман ҳокимининг қарори билан “Тикўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Оролбўйи иқлимига мослашган, чўл ва шўрга чидамли ўсимликларни экиш ва тажриба синов майдончасини ташкил қилиш учун 20,3 гектар ер майдони ажратилди. Бугунги кунда участкада 9 нафар мутахассис ва ишчи меҳнат қилмоқда.
Бу ерда ҳар хил чўл ва шўрга мослашган ўсимликлар уруғларини териш ва ажратилган ер майдони атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Участкага ажратиб берилган ерларда тупроқнинг агрокимёвий таркибини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ходимлари билан биргаликда тупроқ намуналари олиниб, лаборатория таҳлилидан ўтказилди. Участка ҳудудида 14,7 гектар майдонда шўр ва чўлга чидамли жами 36 турдаги ўсимлик уруғи, кўчати ва қаламчаси экилди.
12.jpg
Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти таклифига кўра, шўр ва чўлга чидамли ҳар хил қишлоқ хўжалик ва доривор ўсимликларни экиш учун ер майдони ажратиб берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими мутахассислари билан ўсимлик турларини кўпайтириш ва етиштириш, бугунги кун талабига мос келадиган интенсив балиқ урчитиш технологияларини қўллаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шўрланган ерларда экотизим ва маҳаллий аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, агроўрмон мелиорацияси, чўл майдонларини ўрмонзорларга айлантириш, сув ости экинлари, биоэнергетика, экинлар диверсификацияси, экин майдонлари ва яйловларни ривожлантириш масалалари бўйича олий ўқув юртларида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Улар билан қурғоқчиликни бошқариш ва унинг оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришларига мослашишни белгилаш, Оролбўйи ҳудудида экологик муҳитни юмшатишга қаратилган замонавий технологияларни ўз ичига оладиган инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Қишлоқ аҳолиси турмуш тарзини янада яхшилашга йўналтирилган шўрланган ерлардаги артезиан ва коллектор сувларидан самарали фойдаланиш лойиҳаси ўрганилмоқда. Бу борада ишдан чиққан ва ҳаракатдаги артезиан қудуқларининг жойлашишини аниқлаш ишлари бошлаб юборилди. Денгизнинг қуриган тубида жойлашган артезиан қудуқлари сувларидан экинларни суғоришда фойдаланиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон мелиоратив экспедицияси ва халқаро Оролни қутқариш жамғармаси Нукус филиали томонидан февраль ойида Оқбеткей архипелаги атрофидаги артезиан қудуқлари суви таркибини ўрганишга йўналтирилган экспедиция ташкил қилинди. “Ялтирбош” кўли атрофидаги денгизнинг қуриган майдонларида ҳайвонот дунёсини бойитиш учун Бухоро вилоятидаги махсус “Жайрон” қўриқхонасидан жайрон, қулон, Пржевальский отларини олиб келиш ва уларни кўпайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими олимлари билан бирга дастлабки тадқиқот ишлари олиб борилаётир.
– Бугунги кунда турли ташкилотлардан ҳудудда экологик вазиятни яхшилашга йўналтирилган қатор лойиҳа таклифлари келиб тушмоқда, –дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов. – Улар орасидан истиқболли ва мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган 33 та лойиҳа тайёрланиб, шундан 9 та лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошида янги ташкил этилган Траст фонди маблағлари ҳисобидан амалга ошириш учун, 24 та лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилди. Бундан ташқари, Германиянинг таълим ва илмий-тадқиқот бўйича Федерал вазирлигининг CLIENT II дастурига “Чўлга ва шўрга чидамли ўсимликларни ўрганиш бўйича комплекс биолаборатория ташкил этиш” ва “Орол денгизининг қуриган ерларида ем-хашак ишлаб чиқариш ва чорвачиликни ривожлантириш учун барқарор ўсимликлар ва экиш материалларини ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, чиқинди сувдан фойдаланган ҳолда биоценозни қайта тиклаш ва агробиоценоз моделини яратиш” лойиҳалари тақдим этилди. Жаҳон ривожланиш банки маблағларини жалб қилиш мақсадида “Технология ва билимлар трансфери учун “Арборетум ташкил этиш” ва “Чўлга ва шўрга чидамли ўсимликларни ўрганиш бўйича комплекс биолаборатория ташкил этиш” лойиҳалари, Канаданинг маҳаллий ташаббуслар жамғармасига (CFLI) молиялаштириш учун “Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларига мослашиш масалаларини инновацион йўл билан ҳал этишни оммавий ахборот воситалари ёрдамида ёритиб бориш” лойиҳаси тақдим этилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ўзини ўзи қоплайдиган стартап лойиҳалар танловига Марказ томонидан ишлаб чиқилган “Орол денгизидаги менинг боғим” агро-экотуризм йўналишидаги лойиҳа тақдим қилинди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Мўйноқ” тажриба-ишлаб чиқариш участкасида 1,8 гектар ер майдони ажратилди.
Марказ бугунги кунда белгиланган вазифаларни амалга оширишда “Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро Маркази”нинг (ICBA) Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳудудий ваколатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Булардан ташқари, Тошкент Ботаника боғининг Элликқалъа филиали, Мўйноқ туманидаги 7-умумтаълим мактаби, “Ekomaktab” экологик-ресурс маркази, Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар билан ўзаро англашув бўйича 12 меморандум ишлаб чиқилган.
Оролбўйи ҳудудида экологик муаммоларни бартараф этиш борасида хорижий давлатлар ташкилотлари олимлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Япониянинг “OYO Corporation” корпорацияси вакили Сунао Обояши, Қурғоқчилик шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳудудий ваколатхонаси раҳбари, профессор Кристина Тодерич, Япониянинг Киото университети профессори Кенжи Танака ва Тохоку университети профессори Йошия Тоге билан саксовулни блок-инкубаторларда, ёпиқ илдиз тизимида ўстириш технологияси ва бошқа масалалар бўйича тажриба алмашилди.
Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Яшил ўсиш Глобал институти вакиллари “Мўйноқ” участкасига ташриф буюриб, Оролбўйи ҳудудида флора ва фауна, биологик хилма-хиллик, ўрмончиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Швейцариянинг нотижорат “LATMA” ассоциацияси вакилларининг “Тик ўзак” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашуви ташкил қилиниб, меҳмонлар сувни чучуклантириб берувчи станция қуриш ниятини билдирди.
Жорий йилнинг 25 май куни Япониянинг “OYO Corporation” корпорацияси билан Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш ва чўл ўсимликларини ёпиқ илдиз тизимида ўстириш бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унга кўра ҳар хил чўл ўсимликларини маҳаллий хомашёлардан тайёрланадиган блок-инкубаторларда ўстириш инновацион технологиясини жорий этиш ишлари, Орол денгизининг қуриган тубида блок-инкубаторларда ўстирилган саксовул кўчатлари экиладиган майдонлар ўрганиб чиқилди. Эътиборлиси, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.
Япониянинг Қурғоқчил ерлар илмий-тадқиқот маркази вакили, Тоттори университети профессори Харуюки Фуджимаки томонидан томчилатиб суғоришнинг янги инновацион технологиясини Қорақалпоғистон шароитида биргаликда синаб кўриш, унинг натижасида қанча миқдорда сувни тежаш ва шўрланишни камайтиришга эришиш мумкинлигини аниқлаш мақсадида “Саманбой” тажриба-ишлаб чиқариш участкасидан синов майдончаси ажратиб берилди. Бунинг учун тегишли мутахассислар бириктирилди ва синов ишлари бошлаб юборилди.
Жорий йилнинг июнь ойида Хитойнинг Урумчи шаҳридаги Марказий Осиё ҳудудий иқтисодий ҳамкорлик институтида, Хитой Фанлар академияси ҳузуридаги Синь-Цзян экология ва география институтида учрашувлар ташкил этилиб, келгусида ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди. Шунингдек, Хитой Халқ Республикасида чўлланишга қарши илмий технологияларни ривожлантиришга бағишланган Халқаро симпозиумда, Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Германиянинг таълим ва илмий-тадқиқот бўйича Федерал вазирлигига қарашли Марказий Осиёда инновацияларни ривожлантириш бюросининг очилишига бағишланган ҳудудий конференцияда Оролбўйи халқаро инновация маркази директори ўринбосари Муратбой Ғаниев ўз маърузаси билан иштирок этди. Тадбирлар якунида унда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокаралар олиб борди. Улар ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.
Марказ томонидан бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасига, шунингдек, экология ва туризм йўналишига инновацион усулларни татбиқ этиш бўйича маҳаллий ҳамда хорижий давлатлар тажрибалари ҳар томонлама ўрганилмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳудуд равнақига, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА