Пойтахтимиздан келган тадбиркорлар дастлаб самарқандлик ишбилармон ёшлар билан бирга “JV MAN Auto – Uzbekistan”, “Sam Antep Gilam” қўшма корхоналари, шунингдек, ёшлар раҳбарлик қилаётган тадбиркорлик субъектларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди. Ушбу корхоналарда меҳнат қилаётган ёшлар ўз орзу-истак ва мақсадлари ҳақида гапириб, тадбиркорлик фаолиятида муваффақиятларга эришиш тўғрисида сабоқ олдилар.
Самимий суҳбат ва савол-жавоб тарзида кечган тадбирда юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани, бу борада айниқса, ёшлар учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Бугунги кунда нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам танилган тадбиркорларнинг ўз бизнес фаолиятида эришган муваффақиятлари, бу йўлда юзага келган тўсиқларни қандай бартараф этгани ҳақидаги ҳикоялари ёш тадбиркорлар учун катта сабоқ бўлди.
– Ёш тадбиркорларни креатив ғоялар ташаббускорлигига чорлаш, мамлакатимизда тадбиркорлик экотизимини ривожлантириш, бу борада илғор хорижий тажриба, ёндашувлар билан ёшларни таништириш ҳафталикнинг асосий мақсадидир, – дейди Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов. – Шу нуқтаи назардан самарқандлик ёшлар билан учрашувимизда тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўладиган иштиёқ, ишонч, меҳнатсеварлик, интизом ва мақсад сари олға интилиш, мослашувчанлик, маблағни бошқариш каби жиҳатлар ҳақида тушунча беришга ҳаракат қилдик. Улар орасида ушбу кўникмаларни эгаллаган ёш тадбиркорлар кўплиги эътиборлидир.
Учрашув давомида ёшлар бизнесни йўлга қўйиш ва бошқариш юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга тажрибали тадбиркорлардан атрофлича жавоб олди.