Хабарингиз бор, айни кунларда Италиянинг Неаполь шаҳрида ХХХ ёзги Универсиада ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли спорт анжуманида дунёнинг 112та мамлакатидан қарийб 6 минг нафар спортчи талаба 18та спорт тури бўйича 222 дона медаллар шодаси учун баҳсларга киришди. Улар сафида ўзбекистонлик ёшлар ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
Бугун ҳамюртларимиз таэквондо WTF, енгил атлетика, теннис, камондан отиш бўйича ўз омадларини синаб кўришди. Афсуски таэквондочиларимиз бугун ҳам муваффақият қозона олишмади, Суҳроб Бобобеков (эркаклар, -58 кг) ҳамда Нигора Турсунқулова (аёллар, -67 кг) ўз вазн тоифаларида совриндорлар сафидан четда қолди.
Енгил атлетиканинг найза улоқтириш баҳсларида қатнашган ҳамюртимиз Владислав Полюнин эса бугун ўтказилган саралаш баҳсларида 73,86 метр натижа билан 8-ўринни қўлга киритди. Бу натижа унга финал босқичи йўлланмасини тақдим этди. Энди у эртага медаллар учун курашга киришади.
Бугун моҳир теннисчимиз Ҳумоюн Султонов яккалик баҳслари чорак финалида АҚШ вакили Жеймс Киканга қарши кортга тушди ва икки сетда 6/1, 6/2 ҳисоблари билан осонгина ғалабага эришди. Шу тариқа Ҳумоюн ярим финалга йўл олди. Бу эса камида бронза медали нақд дегани.
Ортда қолган бир ҳафталик мусобақалар натижасига кўра ҳамюртларимиз 4та бронза медалига сазовор бўлишди. Афсуски, ҳозирча талаба-спортчиларимизга шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилиш насиб этмаяпти. Ушбу натижа билан вакилларимиз ҳозирча норасмий умумжамоа ҳисобида Туркия билан бирга 29-30-ўринни эгаллаб турибди.
Медаллар жамғариш борасида ҳозирча япониялик талабалар пешқадамлик қилмоқда. Улар шу кунгача 42та (19та олтин, 12та кумуш ва 11та бронза) медалга сазовор бўлишган. Бу борада 20та (14-5-1) медаль билан хитойликлар иккинчи поғонани эгаллаб турибди. Кучли учликка АҚШ терма жамоаси якун ясаб беради. Улар ҳозиргача 12та олтин, 10та кумуш ва 7та бронза медалини қўлга киритишган.
О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА