Журналист ва экспертлар яна бир бор Қозоғистоннинг кўҳна пойтахтида учрашди

Олмаота, 24 май. ЎзА махсус мухбири Абдужалол ТАЙПАТОВ хабар қилади.
22-24 май кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ХVI Евроосиё медиа форуми бўлиб ўтди. Унда ўнлаб мамлакатлардан журналистлар, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари билан бирга сиёсатшунослар, дипломатлар, жамоат арбоблари, халқаро медиа экспертлари иштирок этди.
Форумнинг очилишида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Россия Федерацияси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг анжуман қатнашчиларига табриги ўқиб берилди. Арманистон Республикаси Президенти Армен Саркисян ва Олмаота шаҳри ҳокими Байиржан Байбек иштирокчиларни табриклади.
15 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган форум ўзаро эркин мулоқот шаклида ташкил қилинди.
photo5418365286064695908.jpg
Халқаро медиа экспертларининг долзарб замонавий мавзулардаги маҳорат сабоқлари ўтказилди, давра суҳбатлари уюштирилди.
Анжуман мажлислари бутун жаҳон афкор оммасини қизиқтираётган – “Глобаллашув: дунё тараққиётнинг янги моделларини изламоқда”, “Истеъмол инқирози”, “Ишонч инқирози. Кучларнинг бўлиниши”, “Блогерлар: виртуал дунёнинг янги рок-юлдузлари” каби ранг-баранг мавзуларга бағишланди.
Турли давлатлардан келган таниқли журналистлар, сиёсатчилар, мутахассислар – мажлис спикерлари жаҳон аҳлини ташвишга солаётган муаммолар ҳақида баҳс-мунозара юритди.
Иштирокчилар ва меҳмонлар учун маданий дам олиш тадбирлари ҳам ташкил этилди. Йил давомида анжуман доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари эълон қилинди.

 

ЎзА