Пенсия ва нафақа олувчиларнинг 54 фоизи “SMS-pensiya” хизматидан фойдаланмоқда

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда яратилган ҳамда жорий қилинган интерактив хизматларга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.
Унда тизимда жорий этилган ҳамда режалаштирилган интерактив хизматлар хусусида маълумот берилди. Хусусан, 2011 йилдан буён фойдаланилаётган ҳамда такомиллашиб бораётган хизматлардан бири – «Пенсия» электрон дастурий мажмуаси 3,5 миллиондан ортиқ пенсия ва нафақа олувчилар тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олувчи ягона база ҳисобланади. Дастурда пенсия ва нафақалар тайинлашдан тортиб тўлангунга қадар жараёнлар электрон тарзда олиб борилади. Бу барча турдаги ҳисоботларни автоматик тарзда шакллантириш имконини беради.
Халқ банки билан пенсия ва нафақа олувчиларнинг тўлов қайдномаларини юбориш, тўланган ва тўланмаган пенсия ёки нафақалар тўғрисида маълумот алмашиш фақат электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, тўлов қайдномаларини сохталаштиришнинг олди олиниб, пенсия ва нафақа тўловлари устидан кунлик назорат юритилади.
Барча тижорат банклари билан банк пластик карталари орқали пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини уларнинг ҳисобрақамига юклаш бўйича электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Бу орқали қоғоз шаклида тўлов қайдномаларидан тўлиқ воз кечилиб, нақд пулсиз пенсия ва нафақа олувчиларга маблағлар ойнинг 2-5 санаси оралиғига тўланади.
Амалиётга жорий қилинган “SMS-pensiya” хизмати орқали фуқароларга уларнинг пенсия миқдорлари, Халқ банки орқали тўлов амалга оширилгани ёки банк карталарига пенсиялар юклангани тўғрисида СМС хабарларни олиш имконияти яратилди. Бугунги кунда жами пенсия ва нафақа олувчи 54 фоиз фуқаро мазкур хизматдан фойдаланмоқда.
– Авваллари пенсия тўлови амалга оширишлари учун фуқаролар корхоналарга ёки Пенсия жамғармаси бўлимларига келиб, қоғоз шаклида талабнома ва ҳисоботларни тақдим этиши керак эди, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Шуҳрат Давронов. – Бугунги кунда эса ҳисоботлар қисқартирилган. Энди биргина талабнома тақдим этиш етарли. Электрон шаклда масофадан туриб ҳужжат тақдим этиш имконияти ҳам бор. Корхоналарга қулайлик яратиш мақсадида эса ушбу талабномани корхоналарнинг давлат солиқ қўмитасидаги “Шахсий кабинети” орқали юбориш имконияти йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА