Ер аҳолиси сони 2019 йилда 7,7 миллиардга етди. 2050 йилда эса 9,7 миллиард нафарга етиши мумкин, дейилади БМТ Бош котиби маърузасида.
Аҳоли сонининг ўсиши умр кўришнинг узайгани, туғилишнинг камайгани ҳамда жадал урбанизация жараёни билан боғлиқ, дейилади БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида иш бошлаган 51-сессияда Аҳоли ва ривожланиш комиссиясига тақдим этилган маърузада.
Ҳозирда дунёда туғилишнинг ўртача даражаси бўйича бир аёлга 2,5 нафар бола тўғри келмоқда. 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 2,4 нафарга тўғри келади.
Умумий аҳоли сонида 65 ва ундан катта ёшларнинг улуши ортмоқда. Ҳозирда уларнинг 19 фоизи Европага, 16 фоизи Шимолий Америкага тўғри келади. 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 28 ва 23 фоизни ташкил этади. Бу даврга келиб, кекса ёшлилар улуши Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи мамлакатларида ҳозирги 8 фоиздан 18 фоизгача ортади. Энг ёш аҳолига эга бўлган Африкада 2050 йилда кекса ёшлилар умумий аҳолининг 9 фоизини ташкил этади.
Ҳозирда дунё аҳолисининг тахминан 56 фоизи шаҳарларда истиқомат қилмоқда. Бу кўрсаткич 2030 йилга келиб 60 фоизни, 2050 йилда 68 фоизни ташкил этиши мумкин.
Сўнгги 25 йил ичида бутун дунё бўйича аҳолининг кун кечириш шароити анча яхшиланган. Қашшоқликда кун кечирувчилар сони сезиларли даражада камайган, оналар ўлими 40 фоизга камайган, умр кўриш давомийлиги ўсган. 1994 йилдан 2019 йилгача беш ёшгача бўлган болалар ўлими 54 фоизга камайган. Дунё бўйича умр кўриш давомийлиги ўсиб, 1994 йилдаги 64,9 фоиздан 2019 йилда 72,3 фоизга кўтарилган. 2030 йилда бу кўрсаткич икки бараварга ошиши тахмин қилинмоқда.
Г.Азимова, ЎзА