Олимлар муҳим масалани муҳокама қилди

Республика Маънавият ва маърифат марказида олим, ижодкор ва зиёлилардан иборат “Олимлар клуби”нинг “Ижтимоий-маънавий муҳитнинг индикаторини ишлаб чиқиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ҳамда изчил амалга оширилмоқда, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов. – Ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш, тарғибот тадбирларини янги замонавий таъсирчан методларини ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада соҳада фаолият юритаётган етук мутахассислар ва олимларнинг илмий хулоса ва тавсияларини инобатга олган ҳолда иш олиб бориш, чора-тадбирлар белгилаш мақсадга мувофиқдир. Шу мақсадда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти таркибида “Олимлар клуби” ташкил этилган. Мақсадимиз шунчаки тадбирларни ўтказишдан иборат бўлмаслиги зарур. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган давра суҳбатида “Олимлар клуби” аъзоларининг ёшлар ўртасида ички ва ташқи таҳдидларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш борасида ўтказилиб келинаётган тадбир ҳамда тарғибот ишларининг самарадорлигини аниқлаш мақсадида ижтимоий-маънавий муҳитнинг индикаторларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлари тингланди.
Билдирилган таклифлар ва муҳокамалар якунида “Олимлар клуби”нинг мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва ижтимоий-маънавий муҳитнинг индикаторларини амалиётга жорий этиш бўйича тавсиялардан иборат қарори қабул қилинди.

 

Хуршид Қодиров, ЎзА