Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари 11 январдан АҚШнинг Кэмп-Шелби ҳарбий базаси (Миссисипи штати)да бўлиб ўтаётган “Жанубий зарба” ҳамкорликдаги машғулотларда иштирок этаяпти. Улар бугунги кунга қадар иккита ҳамкорликдаги машқларни ўтказди.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди
Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Абдусалом Азизов бошчилигидаги ҳарбий делегация мазкур машғулотларнинг учинчи – асосий фазасини кузатиш учун АҚШга жўнаб кетди.
“Жанубий зарба” – Миссисипи штати Миллий гвардияси томонидан Галфпорт шаҳрида жойлашган жанговар тайёргарлик ва бирлашган кучларнинг Кэмп-Шелби ўқув базаларида ўтказиладиган йирик ўқув-жанговар машғулоти ҳисобланади. Ўқув машғулоти барча қўшин турлари ҳамда қўриқлов бўлинмалари, захира кучлари ва доимий қўшинлар учун амалиётда жанговар шайликни ушлаб туриш ҳамда АҚШ ва асосий иттифоқ қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини таъминлаш каби мақсадларни ўз ичига олади.
Мазкур кенг миқёсдаги машғулотларда Канада, Чили ва Нидерландия ҳарбийлари ҳам қатнашмоқда.
АҚШга расмий ташриф давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Тампа шаҳридаги (Флорида штати) CENTCOM бош қароргоҳига ҳам ташриф буюриб, унинг раҳбарияти билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизов Америка Қўшма Штатлари CENTCOM қўмондони генерал Жозеф Вотелла ҳамда 18 сентябрь куни Миссисипи штати Миллий гвардияси қўмондони – штат губернатори ўринбосари, генерал-майор Женсон Д. Бойлз бошчилигидаги ҳарбий делегацияларни кутиб олган эди.
ЎзА