Ҳиндистон – дунёда энг кўпмиллатли мамлакатлардан бири. Мамлакатда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Уларнинг бошини қовуштирувчи, тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашини таъминлайдиган амалдаги конституция 1950 йил 26 январдан кучга кирган. Шундан бери 26 январь – Республика куни сифатида нишонланади. 1948-1960-йилларда мамлакат ҳуқуқий тизимида юз берган энг муҳим ислоҳотлар янги конституциянинг қабул қилиниши билан боғлиқ. Ҳиндистоннинг асосий қонуни 1949 йил 26 ноябрда қабул қилиниб, 1950 йил 26 январдан кучга кирган.
У дунёдаги энг катта конституция бўлиб, преамбула (муқаддима) ва 491 та моддани ўз ичига олган 25 бўлимдан иборат. Унда фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари ва уларнинг кафолатларига кенг ўрин ажратилган.
Ҳуқуқ соҳасининг асосий манбаси қонунлар ва суд прецеденти ҳисобланади. Қонунчилик ва суд қарорлари конституцияга мувофиқ бўлиши шарт. Конституциявий назоратни амалга ошириш ҳуқуқи Олий судга тегишли.
Мамлакатда қонун ҳужжатлари иерархияси қуйидагича: конституция, қонунлар, президент фармон (ордонанс)лари.
Осиёнинг қудратли давлатларидан бири Ҳиндистон мамлакатимиз билан тарихий муносабатларни мустаҳкамлаш ниятида. Аҳолиси сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгалловчи Ҳиндистоннинг динамик равишда ривожланаётган демократик жамият қуришга эришгани кенг миқёсда тан олинади. Ҳиндистон буларнинг барчасига бир неча асрлик хорижий мустамлакачилик асорати ортидан эришган.
Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жавоҳарлал Неру мамлакатда дастлаб давлат бошқарувига асосланган тузумни ўрнатди. Бора-бора ҳукумат хусусийлаштириш сиёсатини жиддий равишда ҳаётга татбиқ этишни бошлайди. Дунёда энг кўп пахта етиштираётган давлатлар учлигига кирувчи Ҳиндистон тез орада қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилувчи илғор давлатлар сафидан ҳам ўрин олади. Бунинг ортидан қўшниси ва асосий рақиби Хитой ҳамда бошқа қудратли давлатлар Ҳиндистонга қизиқиш кўрсата бошлайди. Ҳиндистон шаҳарларида кундан-кунга гуллаб-яшнаётган ўрта синф шаклланади ва улар ахборот технологияси соҳасида катта ютуқларни қўлга киритади. Ҳозирда мамлакат ўз сунъий йўлдошларини фазога учириш билан бирга Ойни ҳам забт этиш режаси мавжуддир.
2014 йили ҳукумат тепасига келган Бош вазир Нарендра Моди аҳоли камбағал қатламининг ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни ўзининг асосий вазифаси эканини эълон қилганди.
Статистик маълумотларга кўра, иқтисодий тараққиётнинг ривожланиши ва аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши нуқтаи назаридан Ҳиндистон анча тезкор илдамламоқда.
Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмидан мамлакатдаги нарх-наво ҳам жиддий суратларда пасайиб борганлиги қайд этилди. Бу 2016 йилнинг ноябрида мамлакат Бош вазири Нарендра Моди томонидан амалга оширилган валюта сиёсати натижасида муомаладаги икки турдаги банкноталарнинг бекор қилингани билан боғлиқ. Ўшанда мамлакатдаги кўпгина корхона ва фирмалар фаолиятида кескин пасайиш ва ҳалокатли банкротлик ҳолатлари кузатилди. Кўпгина корхоналар мазкур реформа натижасида барбод бўлиш даражасига келиб қолганди. Аммо кўп ўтмасдан аҳвол бирданига ўнгланди ва иқтисодиётда ҳаёт қайта жонланди. Энди мамлакатда ишлаб турган корхоналар фаолиятида тўхтамасдан ўсиш кузатила бошланди.
Халқаро валюта жамғармаси жорий йил молиявий кўрсатгичлари бўйича Ҳиндистон Хитойдан камида 7,4 фоизга ўзиб кетишини тахмин қилмоқда. Бунинг сабабларидан бири сифатида Ҳиндистондаги 100 миллиондан ортиқ кичик фирмаларнинг муваффақиятли ишлаб тургани келтирилмоқда.
Яна бир қизиқ маълумот. 2017 йилда Ҳиндистон Францияни қувиб ўтиб, ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё мамлакатлари рўйхатида олтинчи ўринни эгаллади. Соҳа экспертлари яқин ўн йилда Жанубий Осиёнинг бу мамлакати жаҳоннинг учта йирик иқтисодиётларидан бирига айланишини башорат қилаётганлари ҳам бежиз эмас. Негаки, охирги йилларда давлат саноатни ва илғор ахборот технологияларини кучайтириш, экспортни кенгайтириш ва глобал интеграция жараёнларида фаол қатнашиш ҳисобига жиддий силжишга қўл урди. Афсуски, ижтимоий тенгсизликнинг юқори кўрсаткичи ва малакали кадрларнинг етишмовчилиги Деҳли учун жиддий бош оғриқ бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, “ҳинд мўъжизаси” жаҳон иқтисодиёти манзарасига ўзгариш киритиб бўлди.
Жаҳон банкининг баҳолашича, 2017 йил якунига кўра, ҳинд ЯИМ 2,597 триллион АҚШ долларига етди. Францияда эса бу рақам 2,582 триллион кўрсаткични ташкил этди. Шундай қилиб, бир неча йил ичида Ҳиндистон иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар орасида энг тез ўсувчисига айланади. Ваҳоланки, 2007 йилда 1,2 триллион долларга тенг ЯИМ билан Ҳиндистон 12-ўринни эгаллаб турган эди. Албатта, 10 йил ичида иқтисодий кўрсаткичларни икки баробарга ошириш ҳаммага ҳам эмас. 2032 йилга бориб, мамлакат Буюк Британия, Германия ва Японияни ортда қолдириши мумкин экан.
Одатда ҳинд иқтисодиётининг ўсиши демографик омил билан боғланади. Бугунги кунда аҳоли сони 1,3 миллиарддан ошган. Бундай вазият хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун барча шароитларни юзага келтиради. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 50 фоиздан ошиб улгурди. Айни пайтда Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг илғор экспортчисига айланди. Айниқса, Хитой бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан муваффақиятли тарзда фойдаланиб, Чин бозорини забт этди.
Хитой тўқимачилик маҳсулотлари сезиларли қимматлашуви ортидан Ҳиндистон бутун дунёга арзон газлама маҳсулотларини етказа бошлади, яъни Хитой бозорининг ўринбосарига айланди.
Қарам мамлакатдан мустақил иқтисодий йирик давлатга айланиши қувонарли албатта. Бу унинг глобал интеграцион жараёнларга фаол қўшилиши билан ҳам изоҳланади. Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши, шунингдек, ЕвроОсиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо давлатлар билан эркин савдо зонасини ташкил этиш борасидаги музокаралари иқтисодиёти келажаги йўлидаги изланишлардан биридир. Зеро, ҳали олдинда ечилиши лозим бўлган талай муаммолар бор. ЯИМ юқори кўрсаткичларига қарамай, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот 1 минг 963 долларга тенг, Хитойда эса бу рақам 7 минг 330 долларни ташкил этади.
Ҳиндистон 2020 йил 26 январда мамлакатни суверен, демократик республика, деб эълон қилган Конституция кучга кирганининг 70 йиллигини нишонлайди. 1947 йилнинг 15 августида мустақилликка эришган Ҳиндистон ўтган ўн йилликлар мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётнинг оғир йўлини босиб ўтди.
Халқаро муносабатларда ҳам Деҳли Жанубий Осиёнинг сўзсиз етакчиси. Қолаверса, унинг бошқа минтақаларда, хусусан, жануби-ғарбий ва жануби-шарқий Осиёдаги геосиёсий таъсири кучайиб бораётганини ҳам таъкидлаш ўринли. Бунга давлатнинг ўсиб бораётган ҳарбий-сиёсий имкониятлари ва ядровий давлат мақоми имкон беради.
Иқтисодиётнинг сезиларли кўтарилиши, илғор ахборот технологиялари соҳасидаги етакчилик, ядровий қурол, етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик, шу ва шу каби омиллар яқин истиқболда Ҳиндистоннинг нафақат минтақадаги, балки халқаро ҳамжамиятдаги етакчилик ролини белгилаб берса ажабмас.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўзаро муносабатларини чуқурлаштириш мақсадида бир-бирига талпинаётган мамлакатлар. Кейинги тўрт ой очида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга амалга оширган икки маротаба ташрифи бунинг яққол тасдиғидир.
Мисол учун, 2018 йилнинг октябрида Президентимизнинг Ҳиндистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида 17 та муҳим ҳужжат имзоланди.
Иккинчи ташриф 2019 йил 17-18 январь кунлари юз берди. Давлатимиз раҳбарининг Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашуви давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили октябрь ойида Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика тармоғи, заргарлик саноати, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа йўналишлардаги устувор лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурлари амалий ижросини жадаллаштириш борасида фикр алмашдилар.
Шунингдек, Президентимиз “Жўшқин Гужарат” халқаро саммитида иштирок этди. Гужарат штати қадимдан савдо ва тадбиркорликда етакчи ҳудуд бўлиб, мазкур саммит ана шу анъаналарни давом эттиришга, замонавий Ҳиндистоннинг бизнес руҳини намоён қилишга хизмат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон билан узоқ муддатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ҳиндистонда “Ўзбекистон маданияти йили”ни ҳамда Ўзбекистонда “Ҳиндистон маданияти йили”ни ўтказиш, жорий йилда юртимизда ўзбек-ҳинд Ёшлар фестивалини ташкил қилишни таклиф этди.
Шубҳасиз, Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлиги ва ҳамжиҳатлиги минтақалараро ҳамкорликка, тинчлик ва барқарорлик ишига хизмат қилади.