Ўзбекистон-Германия илмий-маданий форуми ўтказилади

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси матбуот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, жорий йилнинг 15 январида Германия пойтахти Берлинда “Буюк Ипак йўли мероси Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради“ мавзусида халқаро илмий-маданий форуми ўтказилади. 
 
photo5309905718184356976.jpg
Қайд этилишича, мазкур йирик тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи олдидан ташкил этилмоқда. Форум мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонасида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида“ лойиҳасига оид китоб-альбомлар кўргазмасининг очилиши билан бошланади. Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик сўзи битилган “Ўзбекистоннинг маданий мероси Германия коллекцияларида“ иллюстрацияли китоб-альбомнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Ушбу китоб-альбом замонавий мультимедиа технологияларидан фойдаланган ҳолда чоп этилган бўлиб, уни нафақат ўқиш, балки мобиль қурилмалар орқали 3D таъсири билан танишиб чиқиш мумкин.
Форумда Германиянинг атоқли санъатшунос олимлари Берлин, Дрезден, Лейпциг ва Штутгард музейларида “Берлин этнологик музейидаги Бухоро амирлигидан коллекция“, “Гамбург амалий-декоратив санъат музейи тўпламидан Буён-Қулихон мақбарасининг дурдоналари“, “Берлин давлат кутубхонасидаги Алишер Навоий асарлари қўлёзмалари“, “Ўзбекистон маданий-тарихий мероси экспонатлари Бумиллер тўпламида“, “Штутгартдаги Линден музейи шарқий филиалининг ноёб коллекцияси“ каби мавзуларда тақдимотлар ўтказади.
Шунингдек, форум доирасида Германия сиёсатчилари, олимлари, ОАВ вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг юраги“ номи остида тантанали кеча ташкил этилиб, унда “Палов – ўзбек таомлари бренди“ видеоролигининг тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА