ЎзА танқидидан сўнг раҳбар огоҳлантирилган

2018 йил декабрь ойида UzA.uz сайтида «Сувни лойқалатаётган ким?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мазкур мақола юзасидан Республика Бош Давлат санитария врачи ўринбосари Д.Мирзабаев қуйидагиларни маълум қилди:

– Самарқанд вилоят ва шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари мутахассислари томонидан Самарқанд вилоят «Савоқова» ДУК ходимлари билан ҳамкорликда «RAISE PRODUCTION BUSINESS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Ширинмия илдизлар қайта ишловчи цех»да ҳосил бўладиган оқова сувлардан «Фарҳод» оқова сувларни тозалаш иншооти тармоғига ташлашдан олдин лабаратория таҳлилларини ўтказиш учун намуналар олинган. Лабаратория таҳлиллари натижаларига кўра, оқова сувни ташлаш учун тузилган шартномада кўрсатилган миқдордан, азот аммоний ва муаллақ зарралар миқдори юқори бўлгани аниқланган.

Ўрганиш ўтказилган даврда цех фаолият кўрсатмаётгани сабабли, жамият раҳбарига замонавий кичик оқова сувларни тозалаш ишоотини ўрнатиш бўйича тушунтиришлар берилган. Кичик оқова сувларни тозалаш иншоотини ўрнатмасдан цехдан чиқарилаётган оқова сувлардаги кимёвий ингредиентлар «Сувоқова» ДУК билан тузилган шартнома кўрсатилган миқдордан ошган тақдирда, Самарқанд вилоят «Сувоқова» ДУК билан тузилган шартнома бекор қилиниб, тармоқдан узиб қўйилиши тўғрисида жамият раҳбари огоҳлантирилган.

Цех томонидан чиқарилаётган оқова сувлар ташқи муҳит ифлослантирилишининг олдини олиш борасида ўтказилаётган тадбирлар назоратга олинган.

 

ЎзА