Пойтахтимизда Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг етмиш олтинчи ялпи мажлиси ҳамда XIII халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини якунлади.

ЎзА мухбири унда иштирок этган хорижлик меҳмонларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Касим КАРАКАШ, “Itimat Тekstil” компаниясининг савдо масалалари бўйича ваколатли ходими (Туркия):

– Ярмарка халқаро стандартларга тўлиқ мос тарзда ташкил этилди. Стендларда ҳар бир маҳсулот ёки хомашёнинг сифат кўрсаткичи, хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин бўлди.

Халқаро ярмаркадаги иштирокимиз янги алоқалар, фойдали битимларга бой бўлди. Форум доирасида ўтказилган мулоқотларда Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида маълумотга эга бўлдик. Келгусида мамлакатингизда қўшма корхоналар ташкил этиш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан манфаатдормиз.

Али БАҲРОМИЙ, “Беҳрад Тежарат Бисаан” компанияси бош директори (Эрон):

– Ўзбекистондаги енгил саноат корхоналари билан ўн йилдан буён ҳамкорлик қилиб келамиз. Улар ишлаб чиқараётган ип, газлама, тайёр тикувчилик буюмлари каби кенг турдаги маҳсулотлар ўзининг сифати билан ажралиб туради. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ишлаб чиқарувчилар учун яратилаётган имконият ва тенг рақобат майдони маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш учун қулай имконият яратмоқда.

Мамлакатингизда пахта навлари сифатини яхшилаш, енгил саноатни модернизация қилишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Анжуман доирасида Ўзбекистондаги йирик пахта заводларида бўлиб, бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Энергия тежайдиган технологиялар, автоматлаштирилган тизим, хомашё ва маҳсулотни электрон ҳисобга олиш механизмининг жорий этилгани жаҳоннинг илғор тенденциялари асосида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш имконини бераётир. Шу боис бу йилги йигирилган ип-калава харидини 1,5-2 минг тоннагача оширишни режалаштирдик. Ўтган йили бу кўрсаткич 800 тоннани ташкил этган эди.

Санжив МЕХАН, “Plasteks” масъулияти чекланган жамияти техник масалалар бўйича менежери (Ҳиндистон):

– Ўзбекистонда пахта толасини сертификатлаш ва таснифлашнинг юқори технологик тизими жорий этилгани истеъмолчилар учун айни муддао бўлмоқда. Халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган “HVI” текширув амалиёти ёрдамида толанинг барча хусусиятларини аниқлаш мумкин. Юртингиз далаларида етиштирилаётган узун толали, эластик ва сифатли пахта навлари харидорларга маъқул келмоқда.

Ўзбекистонлик селекционер олимлар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, тадқиқотлар натижасида янгидан-янги пахта навлари яратилмоқда. “Порлоқ” навлари туркуми шулар жумласидан. Мазкур навли пахта толаси ўзининг пишиқлиги, оқлик даражаси билан ажралиб туради. Бундай саъй-ҳаракатлар пахта саноатини ривожлантириш, жаҳон бозорида ўзбек пахта толаси рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА