Қадрли ватандошлар!

Азиз дўстлар!

Аввало, барчангизни ўзида улуғ мақсадлар ва эзгу амалларни мужассам этиб, халқимизни янада катта бунёдкорлик ишларига руҳлантираётган қутлуғ айём-Янги йил байрами билан қизғин қутлайман.

Ҳар бир оила ўзгача файзга, ҳар бир кўнгил илиқ туйғуларга бурканаётган ушбу қувончли дамларда сиз азизларга, қадрли нуронийлар ва меҳрибон хотин-қизларимизга, шижоатли ёшларимизга, бутун халқимизга чин кўнгилдан самимий тилакларни изҳор қилиш инсонга мамнуният бағишлашини алоҳида таъкидлагим келади.

Ўтиб бораётган йил мамлакатимизнинг янги тарихига олтин ҳарфлар билан битиладиган унутилмас тарихий вақеалари, турмушимизнинг барча соҳаларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлари билан ажралиб турадиган давр сифатида қалблардан чуқур ўрин эгаллайди.

Ортда қолаётган «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» кенг кўламли ривожланишлар, иқтисодиётимизнинг янада мустаҳкамланиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш каби хайрли ишлар, саноат, иқтисодиёт, қурилиш, транспорт ва бошқа соҳаларда илгари бўлмаган юксак натижалари билан ажралиб турмоқда.

Айниқса, Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга алоҳида эътибори натижасида халқимизнинг фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган бир неча йирик корхоналар, ижтимоий-маданий, инфратузулма ва бошқа объектларнинг ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Саноқли ойлар ичида Қораўзак туманида «Титан цемент» корхонаси ишга тушгани, Тахиатош туманида металл-конструкция ишлаб чиқариш заводи фойдаланишга топширилгани, Элликқалъа туманида «Бўстон мега текстил» корхонаси иш бошлагани, Кегайли туманида целлюлоза ишлаб чиқарадиган «Кегайли қоғоз», бўян илдизини қайта ишловчи «Ланко мия», шунингдек Нукус шаҳрида тиббий буюмлар ишлаб чиқарадиган «Нукусмедтех» корхоналари иш бошлагани ҳаётимизда юз берган қувончли воқеалардандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Муҳтарам Президентимиз яратиб берган имкониятлар натижасида ўтган ойлар давомида фақатгина қўшимча даромадлар ҳисобидан шаҳар ва туманларимизда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, ижтимоий соҳаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби хайрли мақсадларга 635,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Якунланаётган йилнинг яна бир аҳамиятли, тарихий воқеалардан бири бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Оролбўйи халқлари учун кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди иш бошлаганидир. Бу фонд яқин йиллар ичида ўзининг ижобий натижасини бериб, халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашда, экологик фожиа таъсирларини юмшатиш  бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Яна бир муҳим томони шундаки, халқимиз Муҳтарам Президентимизнинг якунланаётган йилнинг 15-16 ноябридаги Қорақалпоғистонга ташрифини юртимизга келган улкан бахт, мўл барака ва давлат сифатида қувонч билан қарши олмоқда.

Чунки, Муҳтарам Президентимиз ўз ташрифи давомида республикамизнинг янада ривожланиши, халқимизнинг бахтли ва обод турмуши билан боғлиқ бир қатор йирик лойиҳаларни, муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Алоҳида таъкидланадиган воқеалардан яна бири, якунланаётган йилнинг 28 декабрида Муҳтарам Президентимиз ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожланишига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмаларга эга бўлган замонавий шаҳарча яратилишини таъкидлади.

Бу барча халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлаб, ҳар бир инсонни юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшишга руҳлантирмоқда.

Қадрли ватандошлар!

Юртимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея эълон қилинган Янги йилда турли соҳаларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали кадрлар кириб келиб, тадбиркорликнинг жадал ривожланиши, соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш каби бир қатор масалалар асосий вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

Байрам арафасида ёққан оппоқ қор оқкўнгил халқимизга бахт, мўл ризқ-насиба, дарёмизга зилол сувлар олиб келаверсин!

Сизларни яна бир марта Янги йил байрами билан қизғин қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, мўл зафарлар тилайман!

Янги йил ҳар бир хонадонга омонлик, барака ва қувонч олиб келгай!

Юртимиз тинч, халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

Янги йилингиз барчангизга муборак бўлсин, азиз замондошлар!

 

М.Т.Ерниязов,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси.