Президент: “​Фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши зарур”​

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақидаги Мурожаатномасида айнан шу масалага эътибор қаратар экан, ушбу мақсадга эришиш йўлларига ҳам тўхталиб ўтди.
2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясида солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш ва шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун янада қулай муҳит яратиш энг асосий ғоя бўлади.
Ялпи ички маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир этмоқда. Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарур.
Бундан ташқари, ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинаётган юқори ликвидли маҳсулотлар маркировкаси бўйича жадал иш олиб бориш талаб этилади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларни эса қатъий жазолаш кўзда тутилиши шарт.
Маълумки, солиқ ставкалари пасайтирилиши ёки айрим солиқлар бекор қилиниши билан бюджетга тушадиган маблағ ҳажми камаяди. Буни самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бартараф этиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мумкин. Айнан шунга эришиш биринчи галдаги вазифамиздир.
“Солиқ маъмуриятчилиги шундай бўлиши керакки, қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилинса ҳам, бу ҳолат истеъмол товарларининг нархи ўсишига олиб келмаслиги зарур”, – деб алоҳида қайд этди Президент.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ, 2019 йилда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки ҳам барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш орқали камайтирилади, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига йўналтирилади.
Бу ислоҳотларнинг амалга оширилиши нафақат фуқаролар, тадбиркорлар субъекатлари манфаатлари таъминланиши, балки миллий иқтисодиётнинг барқарорлиги, давлат ўз вазифаларини муваффақиятли бажаришини ва мамлакатнинг изчил ривожланишини таъминлайди.

 

ЎзА