Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.
Ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди, 2018 йилда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш якунлари сарҳисоб қилинди, кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари ва аниқ лойиҳалари кўриб чиқилди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Россия дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.
Россия Федерацияси Президентининг жорий йил октябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, уни аниқ амалий мазмун билан бойитгани таъкидланди.
Барча даражада жадал ва изчил алоқалар йўлга қўйилгани, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритаётгани қайд этилди.
Ҳудудлар ва бизнес даражасидаги мулоқот фаоллашди. Жорий йил кузида Тошкент шаҳрида ўзаро муносабатлар тарихида илк бор ҳудудлараро ва таълим форумлари ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажми ортмоқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда “яшил йўлак” жорий этилди. Мамлакатимизда, жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа кўплаб тармоқларда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Апрель ойида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси ишга туширилди, октябрь ойида яна бир ғоят муҳим лойиҳа – Ўзбекистондаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилди.
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш бўйича қўшма дастурлар амалга оширилмоқда.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқотда 2018 йил қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш даври бўлгани алоҳида таъкидланди.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга самарали давлат ташрифи ҳамда август ойида Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммити доирасидаги учрашувларнинг амалий натижалари икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий шериклик ривожига янги суръат бағишлади.
Тошкент ва Ашхободда миллий кўргазмалар ва ишбилармонлик тадбирлари муваффақиятли ўтказилгани, Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилгани товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кенгайтиришга хизмат қилди.
Давлат раҳбарлари минтақанинг транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш муҳимлигини ҳамда фаол ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни изчил давом эттириш тарафдори эканини таъкидладилар.
Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан мулоқотда давлат раҳбарлари Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган 2018 йилда икки томонлама муносабатлар янги суръат, сифат ва мазмун касб этганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришнинг таъсирчан механизмига айланган Ҳукуматлараро қўшма комиссия доирасидаги учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Ноябрь ойида биринчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ташкил этилди.
Ўзаро савдо ҳажми юқори суръат билан ортмоқда, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат саноати, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашувлар жадаллик касб этгани қайд этилди.
Бугунги кунда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида кўплаб йирик тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан суҳбатда олий даражадаги жадал мулоқотлар, ўтган йил кузида Анқарага ва жорий йил баҳорида Тошкентга ўзаро тарихий ташрифлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани таъкидланди.
Сиёсий соҳада конструктив ҳамкорлик ривожланмоқда, парламентлараро мулоқот фаоллашди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорлик кенгаймоқда. Экспорт ва импорт ҳажми жадал ортмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида шаҳар, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмаларини модернизация қилиш, мамлакатимизда замонавий саноат корхоналари барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Якунда давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.
Президентлар янги – 2019 йилда мамлакатларимиз халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.