Ташқи ишлар вазирлигининг 2018 йилги фаолияти якунларига бағишлаб ўтказилган анжуман журналистлар иштирокидаги очиқ мулоқот тарзида давом этди.
Анжуман доирасида Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Неъматов Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари ҳақида тўхталар экан, журналистларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг январь ойида Ҳиндистоннинг Гужорот штатида бўлиб ўтадиган “Фаол Гужорот 2019“ тадбирларида иштирок этиши ҳақида айтиб ўтди.
“Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифлари чоғида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди давлатимиз раҳбарини “Фаол Гужорот 2019“ тадбирларида иштирок этишга таклиф этган ва бу Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамнуният билан қабул қилинганди“, деди вазирнинг биринчи ўринбосари.
И.Неъматовнинг таъкидлашича, ушбу йирик тадбир Ҳиндистонда анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Давлат раҳбарлари, бош вазирлар ва вазирлар даражасидаги шахслар иштирок этадиган форумда мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти, миллий маҳсулотлари, сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА