Хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ID-карта қачон берилади?

Фуқароларнинг чет элга чиқиши, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти асосида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, чет элга чиқишда китоб буклети кўринишидаги паспортга рухсат берадиган ҳеч қандай қўшимча ёзувлар киритилмайдиган тартибда қўлланилиши кутилмоқда.
2011 йилги намунадаги паспорт билан хорижга чиқиш мумкинми?
2019 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси билан виза режими ўрнатилган давлатларга чиқишни режалаштираётган мамлакатимиз фуқароларига хорижга чиқиш учун биометрик паспорт берилади. 2021 йилнинг 1 январигача визасиз режим ўрнатилган мамлакатларга (Озарбайжон Республикаси, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Россия Федерацияси, Украина ва Грузия) 2011 йилги намунадаги амалдаги биометрик паспорт билан чиқиши мумкин бўлади.
Янги тартиб бўйича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет элга чиқиши учун “хорижга чиқиш учун биометрик паспорти” билан ҳужжатлаштирилган бўлиши ҳамда ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни давомида тайёрланиши белгиланган.
Янги биометрик паспорт олиш тартиби ва ишлатиш муддати қанча?
Янги тартиб бўйича, фуқаро хорижга чиқиш учун биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилиши учун бир нусхадаги иш жойи, ўқиш маскани ёки ҳудудий ўзини ўзи бошқариш органи томонидан муҳр билан тасдиқланган ариза-анкета топшириши, унга қўшимча равишда 3,5 см. х 4,5 см. ҳажмдаги бир дона фотосурат, паспорт нусхаси, ҳудудий Мудофаа ишлари бўлими маълумотномаси (агар ҳарбий хизматга мажбур бўлса) ҳамда энг кам иш ҳақининг тахмин қилинаётган 150 фоиз миқдоридаги давлат божи ундирилиши (ҳозирда ушбу миқдор 304,095 сўмдан иборат) кўзда тутилган бўлиб, чет элга бориш учун рухсат бериш ёзувининг ёпиштириладиган стикерини – хорижга чиқиш учун биометрик паспортга ёпиштирилмайди.
Ҳозирги кунда, чет элга вақтинчалик бориш учун рухсат бериш ёзувининг ёпиштириладиган стикери 2 йил муддатга берилаётган бўлиб, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт 10 йил муддатга берилади.
Кўриниши қандай бўлади?
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти тўқ қизил рангда ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган бўлиб, 48 бетдан иборат бўлади, амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортида эса 36 бет мавжуд.
Ҳимоялаш даражаси бўйича, – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортидаги бетларда мамлакатимизнинг тарихий обидалари акс эттирилиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, амалга киритилиши белгиланган хорижга чиқиш учун биометрик паспорти сув белгилари, саккиз қиррали пентограмма, ранги ўзгарувчи бўёқ, муарли эффект, металлаштирилган ҳимоявий ип, ламинациялаштирилган пленка ҳамда паспорт қобиғига жойлаштирилган электрон чипдан иборат.
Хорижга чиқиш паспортини қаердан олиш мумкин?
Ҳозирда, Тошкент шаҳридаги биометрик маълумотларни “йиғиш пункт”лари 20 та устунли қурилмадан ташкил топган, аҳолиси нисбатан кўпроқ бўлган туманларда 2 тадан қурилма жойлаштирилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш учун 12 та қурилма (1 та қурилма ИИББ МваФРБда) ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш қурилмасининг ҳар бирида кунига 180-200 нафар фуқаро қабул қилиниши мумкин бўлиб, шу тоифадаги ҳужжатни олиш истагини билдирган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, қурилмалар сони кўпайтирилиши мумкин.
Шу билан бирга, ўрнатилган тартиб бўйича жисмоний соғлиги туфайли ҳаракати чекланган фуқаролар, қўлда олиб юрувчи “мобил қурилма” ёрдамида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти билан ҳужжатлаштирилаётган бўлиб, келгусида шу тоифадаги шахсларга хорижга чиқиш учун биометрик паспортини расмийлаштириш борасида мобиль электрон планшет кўринишидаги қурилмалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Қачон ID-картага ўтилади?
Қўшимча тарзда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти унинг эгаси шахси ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиши ва ундан республика ҳудудида умумфуқаролик ҳужжати сифатида 2021 йилнинг 1 январь кунига қадар фойдаланилиши белгиланган.
2021 йилдан бошлаб, мамлакатимизда амалдаги паспорт тизими, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқа шу турдаги шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳайдовчилик гувоҳномасидан ташқари) ўрнига идентификацион карталарни (ID-карта) киритиш тизими яратилиши режалаштирилган. Ушбу идентификацион карталарда ҳар бир фуқаронинг ягона идентификацион рақами ва шахсий маълумотлари жойлаштирилади.

 

Анора Содиқова, ЎзА