Қодиров Қувондиқ Айитбаевич

Филология фанлари номзоди, доцент 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори

 

Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг анъанавий маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши,  уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида эса Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдир», — деган қоида халқимизга хос бўлган эзгу фазилат бўлган бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.

Бугунги кунда юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг шароитлар яратилган.  Турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча фуқароларнинг маданий ва диний ўзига хослигини таъминлашга, турли-туман маданиятлар ҳамда тилларни сақлаш ва ривожлантиришга қаратилган  муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши қатор қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилган. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (1997 й.)  “Билим олиш ҳуқуқи” деб номланган 4-моддасида ҳар кимга унинг жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар, билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши алоҳида қайд этилган. Ёки “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини (2014 й.) олайлик. Мазкур Қонуннинг “Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги” деб номланган 10-моддасида  давлат органларига мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мазкур марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 1992 йил январда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. У жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, миллий ва умумбашарий анъаналарни равнақ топтириш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ташкил этилаётган кўплаб тадбирлар, концерт дастурлари, кечалар, фестиваллар, кўрик-танловлар, конференциялар шулар жумласидандир. Масалан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги фестиваллар кўп миллатли аҳолимизнинг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурди.

Айни маънода, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2017  йилнинг 7 февраль куни «Ўзбекистон Республикасини бешта устувор йўналишлар бўйича ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясининг 5-йўналиши «Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашга қаратилганлиги» келажакда бу борадаги ишларни янаям юксак пағонага кўтарилишидан далолатдир.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Байналминал Марказининг ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев қарори асосида Байналминал марказга янги бино ажратилди ва Тошкент шаҳридаги Бобур паркини Дўстлик парки деб ном берилиб, у ерда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг урф-одат, дастурлари ва анъаналарини акс эттирадиган ҳиёбон бўлишилиги тўғрисида қарор қабул қилди. Шунингдек, байрам муносабати билан бир қатор Миллий Маданий Марказ ходимлари давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Шулар қаторида, Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган Украин миллий-маданий маркази директории Миронец Ольга Артёмовнанинг «Шухрат» медали билан, шунингдек, Туркман миллий-маданий маркази фаоли Аразмухаммед Абаевнинг «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани барча-барчамизнинг кўнглимизда фахр-ифтихор туйғусини пайдо этди.

Бугунги кунда юртимизда 136 миллат, 16 диний конфессия вакиллари ягона­ оила фарзандларидек яшаб, меҳнат қилмоқдалар. Улар республикамизнинг барча фуқаролари қатори бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари тўлиқ таъминланган, таълим олишлари, меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Умумий ўрта таълим мактабларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, тожик тилларида билим берилаётгани, бир қанча олий ўқув юртларида эса рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларда дарс бериладиган бўлимларнинг мавжудлиги, улар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тайёрланиб, чоп этилаётгани, бир­гина Ўзбекистон давлат жа­ҳон тиллари уни­верситетида­ ўқитиладиган хорижий тиллар сони муста­қиллик йил­ларида 4 тадан 23 тага ет­гани фикримизнинг исботидир.

Биз фаолият юритаётганҚорақалпоқ диёридаги 85 йиллик тарихга эга бўлган, бу маскандаги дастлабки олий таълим муассасаси ҳисобланган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда 7 мингданзиёд талабадан иборат бу улуғ даргоҳда Қорақалпоқ, Ўзбек миллатидан ташқари, Қозоқ, Туркман, Рус, Корейц, Қирғиз, Озарбайжон, Бошқирд, Уйғур ва Татар миллатларига мансуб талабалар бир оила фарзандларидек, аҳил ва иноқ таҳсил олмоқдалар. Нафақат институтда, балки республика миқиёсида ўтказилаётган жамоавий тадбирларда ҳам бир оила фарзандларидек иштирок этишиб, совринли ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда. Айни ҳолат ҳам бевосита Мустақиллигимизнинг, қолаверса, Конституциямизнинг кўп миллатли халқимизга берган буюк инъомидир!

Бугун юртимизда турли миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида самарали меҳнат қилишмоқда. Бундан ташқари, юртимизда таълим тизими  7 тилда олиб борилади,газета ва журналлар 8 тилда, теледастурлар 11 тилда, радиодастурлар эса, 12 тилда тайёрланиб эфирга узатилаётганлиги барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий жараёнларда эркин иштирок этишининг далилидир. Айни ҳолат дунёнинг бошқа жойларида топтиравермайдиган ҳолатдир.

Маълумки, Ўзбекистоннинг энг юксак Олий мукофоти бу «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонидир. Бугунги кунда мазкур олий мукофот, Ўзбек ва Қорақалпоқ миллатидан ташқари, қозоқ, Тожик, Рус, Украин, Корейц ва ҳатто Араб миилатига мансуб шахсларга ҳам берилиши, юртимизда истиқомат қилаётган барча фуқаролар бир оила фарзанди эканлигидан далолатдир.

Тарихдан маълумки, Она-Ватанни севиш, унга меҳр бериш, уни кўз қорачиғидай асраб авайлаш азал-азалдан ота-боболаримиздан бизга меърос бўлиб, қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас туйғудир. Шунинг учун ҳам барчамиз учун умумий бўлган афсона ва ривоятлар, эртак ва ҳикоялар, роман ва достонлар қайси тилда ёки қайси миллат вакили қаламига мансуб бўлишидан қатьий назар ўқувчилар уни тушуниб ва севиб ўқийди. Биргина Алпомиш, Қирққиз, ёки Гўрүғли туркумига кирувчи достонларни олайлик. Бу ўлмас асарларлар қайси тилда ёзилишидан қатъий назар булар барчамизники, чунки бу асарларда ғоя, мақсад, охирида провард натижа ҳаммамизни ягона Ватан деган бир нуқтага бирлаштиради. Шунинг учун ҳам мақсад бир (тинчлик ва осойишталикни сақлаш), ғоя бир (озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш), Ватан танҳодир!

Хулоса қилиб айтганда, дунёнинг айрим давлатларида динлараро, миллатлараро зиддиятлар кучаяётган ҳозирги шароитда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаётган мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатликнинг таъминлангани, шуб­ҳасиз, истиқлол йилларида қўлга киритилган энг катта ютуқларимиздан биридир. Ҳақиқатдан ҳам, халқимизнинг бу борада эришган ютуқларига ҳавас қиладиганлар кўп, шунингдек, ҳасад кўзи билан қараб, тинчлик-осойишталигимизга рахна солиш истагидагилар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, муҳтарам Президентимиз кўп бор таъкидлаганидек, бу масалада доимо ҳушёр бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни кўз қорачиғидек сақлашимиз ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг шонли 26 йиллик байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!