Бағрикенглик ва инсонпарварлик – давлат сиёсатининг устувор йўналиши

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни сифатида нишонлаб келинади. Ўзбекистонда ҳам ушбу кунни кўтаринки руҳда ўтказиш анъанага айланган.
Пойтахтимизда 20 ноябрь куни “Бағрикенглик ва инсонпарварлик – давлат сиёсатининг устувор йўналиши” мавзусидаги халқаро семинар ҳам ушбу сана муносабати билан ташкил қилинди.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан қатор ҳамкорлар кўмагида ўтказилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, илмий доира вакиллари, шунингдек, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги қатор тузилмалари масъул ходимлари, хорижий экспертлар, олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни юритиш мустақиллик йилларида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бағрикенгликка асосий демократик тамойил сифатида эътибор қаратиб келинаётгани жамиятда инсонпарварлик, тинчлик ва тотувлик, инсон қадр-қиммати тушунчаларини ҳаётий мезон даражасида юксалтириш имконини бермоқда.
Конституциямизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда юртимизда 16 диний конфессия фаолият юритмоқда. 130 дан зиёд миллий маданий марказлар турли миллат ва элат вакилларининг урф-одатларини асраб-авайлаш, тарғиб қилиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутмоқда.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган жамоатчилик сўрови натижаларига кўра, Ўзбекистонда тарихий, маданий қадриятлар ва турли элатларнинг ўзига хос анъаналари сақланиб, авлоддан-авлодга безавол етказиб келинмоқда.
Семинарда миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар, бағрикенгликни мустаҳкамлашдаги илғор тенденциялар ва бошқа мавзулар юзасидан маърузалар тингланди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА