Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида муаллифлик ҳуқуқига ҳурматни шакллантириш, рақамли муҳитда контрафакт ва қароқчиликка қарши кураш масалаларига бағишланган минтақавий семинар ташкил этилади.
Интеллектуал мулк агентлиги ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирнинг мазмун-моҳияти муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг ҳуқуқий муҳофазаси, рақамли муҳитда контрафакция ва қароқчиликка қарши курашиш чора-тадбирлари таҳлилига қаратилади.
Интеллектуал мулк агентлиги матбуот котиби Гўзал Вапаеванинг маълум қилишича, мақсад мавзу доирасида иштирокчиларнинг билим ва тушунчаларини бойитиш, бу жараёнда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларнинг ҳуқуқий муҳофазаси қай тарзда ҳимоя қилиниши қонуний меъёрлар асосида таҳлил этиб берилади. Ўз навбатида, бундай фикр-мулоҳазаларда маҳаллий ва хорижлик мутахассисларнинг тажрибаси ва илмий-амалий хулосалари катта аҳамиятга эга. Шу боис унда муаллифлик ҳуқуқига ҳурматни шакллантиришнинг ихтиёрий чоралари, интернет қароқчилиги, муаллифлик ҳуқуқи бўйича замонавий юриспруденция, онлайн қароқчиликка қарши курашда домен номлари регистраторининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА