Пойтахтимизда Адвокатлар палатасининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда адлия вазири Русланбек Давлетов, шунингдек, республикамиз ҳудудларида фаолият юритаётган адвокатлар орасидан 140 нафар делегат, парламент аъзолари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Кун тартибидаги асосий масала сифатида Адвокатлар палатасининг 2013-2018 йиллардаги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот тингланди ва истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Сўнгги йилларда адвокатура институтининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар, соҳага киритилаётган ўзгартиришлар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 2013 йил 27 сентябрь куни II конференцияда тасдиқланган Адвокатлар палатасининг уставига бугунги кун талаблари ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан келиб баъзи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Адвокатлар палатаси III конференциясида Адвокатлар палатаси бошқаруви ва тафтиш комиссияси аъзолари, шунингдек, Адвокатлар палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Палата раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади.
Конференцияда адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, адвокатура институтининг касбий бирлашмаси бўлган Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА