“Америкача” автобуслар эмас, аввало таълим муассасига иссиқлик зарур…
Таълим келажагимиз билан боғлиқ бўлган жиддий масала. Шу боис республикамизда мактабларнинг биносидан тортиб, ўқув қуроллари, энг сўнгги инвентарлар билан таъминлаш, халқаро тилларни ўргатишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, қиш мавсуми учун таёргарлик ишлари ҳам олиб борилиб, ўқувчилар иссиқ, шинам ва ёруғ хоналарда таълим олишяпти.
Фикримизнинг исботини кўриш, уларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси томонидан Жиззах вилояти Бахмал тумани халқ таълими бўлимига қарашли 66-сонли умумтаълим мактабида ўрганиш ишлари олиб борилди. Муассасанинг ташқи кўриниши кўрган кўзни қувонтиради. 2 қаватли мактаб биносида 501 нафар ўқувчи илм олмоқда. Мактабда тажрибали педагоглар шогирдларига зарур билимларни белгиланган дарс жадвали асосида ўз вақтида бериб бормоқда. Бироқ, бу танганинг бир томони…
Мактабда қиш мавсумига тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланмаган. Ягона иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Мактаб директорининг таъкидлашича, “қоп-қоп кўмир” мавсумга шай. Лекин унинг сифатига келганда, кўмир фойдаланишга яроқсиз…
“Кўмирнинг усти ялтироқ, хона ичидаги ўқувчилар эса қалтироқ”. Ушбу даргоҳга болалар билим олгани келади, аммо совуқ хоналардаги дарслар уларнинг соғлиғига қандай таъсир ўтказади?
Бир сўз билан айтганда, уларга “америкача” автобуслар эмас, аввало таълим муассасига иссиқлик зарур.
ЎзА