Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган «DOCA TOURS» (Discover Oriental Central Asia)
сайёҳлик фирмаси “Ўзбекистон – афсона ва мўъжизаларга бой ўлка!” деб номланган мамлакат миқёсдаги лойиҳани бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни Парламентга Мурожаатида барча соҳалар сингари туризмга ҳам алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишларни ривожлантириш келгусида юртимиз истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, туризм – ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Юртимизда ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш лозим.
“Ҳар бир турист ҳам инвестиция дегани” – мурожаатда юртбошимиз айнан ушбу соҳага жиддий ёндашиш лозимлигини айтди. Бу бежизга эмас. Зеро, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сонининг ошиши мамлакатимиз иқтисодиётига катта даромад олиб келиши билан бирга, тараққиётнинг жадал суратларда одимлашида ҳам ғоят аҳамиятлидир. Демак, бу борада турли инновацион лойиҳалардан фойдаланган ҳолда юртимизнинг бой сайёҳлик салоҳиятини намоён қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш вақти келди.
Айнан шу мақсадда Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган «DOCA TOURS» (Discover Oriental Central Asia) сайёҳлик фирмаси “Ўзбекистон – афсона ва мўъжизаларга бой ўлка!” деб номланган мамлакат миқёсдаги лойиҳани бошлади.
Хабарингиз бор, бугунги кунда мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар асосан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва Нукус шаҳарларидаги мавжуд тарихий-меъморий обидалар бўйлаб саёҳат қилишади. Ваҳоланки, жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир қарич ери тарихий аҳамиятга эга.
Республикамизнинг вилоят, шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва овулларида нафақат хорижий сайёҳлар, балки юртимиз аҳолиси ҳам хабардор бўлмаган (ўша ҳудудларда яшайдиган аҳолидан ташқари), муқаддас масканлар, афсона ва ривоятларга бой жойлар жуда кўп. Буларга қутлуғ қадамжолар, тепалик ёки зиёратгоҳ, осори-атиқалар, умрибоқий дарахтлар, антиқа тошлар, ғорлар, ғайри оддий кучга эга бўлган буюм ёки предмет, шифобахш чашмалар, инсонлар дардига шифо топадиган, саломатлигини тиклайдиган мўъжизавий жойлар, азиз-авлиёлар қўним топган муқаддас гўшалар, тарихда буюк ном қолдирган ва ҳанузга қадар шу ном билан мангу аталиб келинаётган ҳудуд, қишлоқ ва овулларни мисол келтириш мумкин. Айнан шундай масканлар ҳақида маълумот йиғилиб, китоб ҳолига келтирилади ва ана шу жойлар келажакда туризм дислокациясига (йўналишига) киритилади. Бу эса келгусида ўша ҳудудларда туризм инвестицияси янада ривожланишига хизмат қилади.
Мақолалар муаллифларининг исм-фамилияси, шунингдек, лойиҳага ҳисса қўшган ҳокимликлар, ОАВ, интернет нашрлари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар номи бешта (ўзбек, рус, инглиз, немис ва француз) тилларда чоп этиладиган “Ўзбекистон – афсона ва мўъжизаларга бой ўлка!” номли фотоальбом шаклидаги китобга киритилади. Ушбу китоб нафақат республикамизда, балки (“DOCA TOURS” сайёҳлик фирмаси шу бугунга қадар ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келаётган хорижий давлатлар) Германия, Швейцария, Венгрия, Австрия, Англия, АҚШ, Франция каби дунёнинг етакчи мамлакатларида ҳам тарғиб қилинади. Бу Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш ва хорижий сайёҳларни республикамизнинг барча туристик салоҳиятга эга бўлган ҳудудлари (хусусан, энг чекка қишлоқ ва овуллари)га жалб этиш имкониятини беради.
Шундай экан, ватанимиз ривожи ва тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишни астойдил хоҳловчи барча юртдошларимиздан ушбу лойиҳада фаол иштирок этишларини сўраб қоламиз.
(Маълумотлар https://www.facebook.com/oybek.ostanov www.oybekostanov.com/uz, http://doca-tours.com веб сайти шунингдек, +998973948607 телеграм номери орқали қабул қилинади).
Даврон Жамолов,
“DOCA TOURS” сайёҳлик фирмасининг
матбуот ва ахборот хизмати мутахассиси
ЎзА