Пойтахтимиздаги Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабининг спорт мажмуасида ўсмир-қизлар ўртасида қиличбозликнинг сабля тури бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. Ушбу нуфузли мусобақа нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ҳам биринчи марта ўтказилмоқда.
Жаҳон Кубоги мусобақаларидаги турнирда эгалланган биринчи ўрин учун 32, иккинчи ўрин учун 26, учинчи ўрин учун (ярим финалчилар) 20 очко берилади.
Мусобақаларда Болгария, Вьетнам, Германия, Исроил, Иордания, Қозоғистон, Камбоджа, Мексика, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Хорватия қиличбозлари – жами 55 спортчи қиз иштирок этади. Ушбу Жаҳон Кубоги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси энг кўп – 13 та спортчилари, Россия терма жамоаси эса –12 нафар спортчи қизлар билан иштирок этяпти.
Кейинги йилларда Ўзбекистон терма жамоасининг қиличбоз қизлари халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишмоқда. 2015-йилда Ўзбекистон терма жамоасининг Зайнаб Дойибекова, Севинч Исмоилова, Шаҳноза Тоғаймуродова ва Севиля Худойбергановадан иборат қиличбоз қизлари Осиё чемпионатининг бронза медаллари совриндорлари бўлдилар.
2018-йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган қитъа биринчилигида ушбу қиличбоз қизлар яна Осиё биринчилиги жамоавий мусобақаларининг бронза медаллари билан тақдирландилар.
Тошкентда 17-ноябрь куни ўсмир-қизлар ўртасида қиличбозликнинг сабля тури бўйича Жаҳон кубогининг шахсий мусобақалари ўтказилди.
18-ноябрда эса жамоавий мусобақалари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Қиличбозлик бўйича Жаҳон кубоги – Халқаро қиличбозлик федерацияси ФИE қарорига асосан ўтказиладиган ҳар йиллик халқаро шахсий ва жамоавий мусобақалардир. Қиличбозлик бўйича биринчи Жаҳон кубоги 1982-йилда ўтказилган эди. Ўшанда эркаклар қиличбозлик спортининг барча уч тури – рапира, шпага, сабля тури бўйича, аёллар эса фақат рапира тури бўйича мусобақалашган. 1989-йилда Жаҳон кубогида аёллар ўртасида ҳам қиличбозликнинг шпага тури бўйича, 1999-йилда эса сабля тури бўйича шахсий мусобақалар ўтказила бошланган. Шу тариқа 2000-йилдан бошлаб Жаҳон кубогининг жамоавий мусобақалари ҳам ўтказила бошланди.
ЎзА