ОЧЛ-2019: АГМКнинг рақиблари аниқ – “Истиқлол” ва “Ал Наср”, қолганларга эса ҳали бироз муддат керак

Олмалиқликлар саралаш ўйинларини Туркманистон ва Саудия Арабистони клубларига қарши ўтказади.
Осиё футбол Конфедерацияси ОЧЛ ва ОФК Кубогига қуръа ташлашдан олдин қайси гуруҳдан кимлар жой олиш масаласини ҳал этиб қўйди. Бу билан битта гуруҳда бир мамлакат клубларининг жой олмаслик ҳолати таъминланади.
Назарий жиҳатдан чемпионлик масаласини ҳал этиб бўлган, аммо амалий томондан ҳали юз фоизли натижа қилмаган “Локомотив” кўп эҳтимол билан Осиё Чемпионлар лигасининг «B» гуруҳидан жой олади ва Саудия Арабистони ҳамда БАА клубларига қарши кураш олиб боради. Гуруҳдаги тўртинчи жамоа плей-оффдан сўнг маълум бўлади.
Чемпионатимиз кумуш медали соҳиби (бу албатта “Пахтакор” бўлишига шубҳа қолмаган) саралаш ўйинларида Ироқнинг «Эйр Форс» ва БААнинг «Ал Наср» клубларига рўбарў келади. Ғолиб чиққан тақдирда «D» гуруҳдан жой олади. Бунда ҳамюртларимизни Эрон, Қатар ва Саудия Арабистони клублари кутади.
Айни пайтда халқаро расмий мусобақада қатнашиши юз фоиз ҳал бўлган Ўзбекистон кубоги соҳиби АГМК клуби саралашда «Истиқлол» (Тожикистон) ва «Ал Насср» (Саудия Арабистони) клубларини мағлуб этса «A» гуруҳига равона бўлади. Ана ўшанда олмалиқликлар кучлилар сафида БАА ва Ироқ клублари ҳамда саралаш ўйинларидан омон чиққан яна бир клуб билан ўзаро куч синашишади.
Барча масалага 22 ноябрда, қуръадан кейин ойдинлик киритилади.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА