Польшалик теннисчи Агнешка Радваньска профессионал фаолиятини якунлашга мажбур бўлди.
– Тақдир экан, профессионал теннисдаги ўн уч йиллик фаолиятимни тўхтатдим. Бу қарорга келишим осон бўлмади. Кўп дўстлар орттирдим, ғалаба нашидасини татиб кўрдим, мағлубиятга ҳам учрадим. Афсуски, соғлиғим ёмонлашгани боис теннисни тарк этяпман. Теннис мухлиси бўлиб қоламан, – дейди Радваньска.
Агнешка Радваньска профессионал теннисдаги илк мусобақани 2005 йилда ўтказган. Теннисдаги фаолияти давомида яккалик баҳсларда 20 маротаба бош совринни қўлга киритган бўлса, жуфтликлар ўртасида 2 маротаба зафар қучган. У жами 27,5 миллион АҚШ долларидан зиёдроқ мукофот пулини ишлаб топди. Агнешка 594 учрашувда ғалабага эришди, 269 баҳсда мағлуб бўлди. WTA рейтингида 2-ўрингача кўтарилди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА