Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиалининг янги патоморфология ва цитобиокимё бўлими фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тиббиёт ходимлари, вилоят фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, пировардида, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни яхшилаш ва сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада кейинги икки йилда Президентимизнинг соҳага оид қатор фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 70 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилингани қайд этилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент вилояти филиали 1926 йили Тошкент вилояти онкология диспансери сифатида ташкил этилган бўлиб, МДҲ давлатларида энг қадимги онкологик муассасалардан бири ҳисобланади. Мазкур тиббиёт муассасасида 6 нафар тиббиёт фанлари доктори, 10 нафар тиббиёт фанлари номзоди томонидан аҳолига ихтисослашган диагностика ва даволаш ишлари бўйича сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Патоморфология онкологиянинг ажралмас қисми бўлиб, диспансернинг диагностика ва даволаш ишлари сифатини янада оширишга хизмат қилади. Бундан 60 йил муқаддам ташкил этилган патоморфология бўлими шу вақтга қадар 1 қаватли, бор-йўғи 4 хонадан иборат бинода фаолият юритар, ўз навбатида, ушбу ҳолат беморлар учун қийинчиликларни юзага келтирар эди.
Меҳмонлар тиббий муассасада яратилган шароитлар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган махсус манзилли дастур асосида ушбу бинода қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қисқа фурсат ичида 1 қаватли эски бино ўрнида 2 қаватли замонавий бино қад ростлади. Бинонинг биринчи қаватида патоморфология бўлими, иккинчи қаватида клиник цитобиокимё лабораторияси жойлашган. Барча зарур шароитларни ўзида мужассам этган мажмуанинг қурилишига давлатимиз томонидан 1 миллиард 322 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Авазбек Худойқулов, ЎзА