Солиқ тўловчилар учун замонавий интерактив хизматлар

Солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатилишига эришиш давлат солиқ хизмати органлари фаолиятининг устувор вазифаларидандир.
 
Интерактив хизматлар2.jpg
Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон давлат хизматлари – my.soliq.uz” портали орқали 35 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Электрон давлат хизматларидан 15 таси – ахборот давлат хизматлари, 20 таси – интерактив давлат хизматлари таркибига киради. Порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг “шахсий кабинет”лари жорий этилган.
Солиқ тизимидаги интерактив хизматлар орқали солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” ёрдамида мурожаатларни йўллаш, солиқ органларида ҳисобга туриш, назорат-касса машиналарини рўйхатдан ўтказиш, ортиқча солиқ тўловларини қайтариш тўғрисида аризаларни жўнатиш, солиқ ҳисоботлари ва декларацияларни электрон кўринишда юбориш, солиқ қарзи мавжуд эмаслиги, солиқ органларида ҳисобга турганлиги (СТИР), Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлганлиги тўғрисида ва бошқа маълумотномаларни олиш мумкин.
Шу билан бирга, солиқ тўловчига ҳисобланган, у томонидан тўланган суммалар, солиқ қарзи, ортиқча тўлов, пенялар ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни ҳам Давлат солиқ қўмитасининг ахборот ресурсларидан бевосита олиш имконияти яратилган. Бу эса солиқ органи ходими ва солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатларни замонавий воситалар ёрдамида ривожлантиришга, солиқ органларига ортиқча келиб-кетишларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Солиқ тўловчилар томонидан давлат солиқ хизмати органлари ходимлари билан мулоқотсиз кўринишда 2018 йил бошидан my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчиларнинг “шахсий кабинет”ларига жами 600 мингдан ортиқ фойдаланувчилар томонидан 11 миллиондан ортиқ мурожаатлар бўлган. “Шахсий кабинет”лар орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан 6,5 триллион сўм миқдоридаги солиқлар электрон шаклда тўланди.
Эндиликда солиқ тўловчилар ва солиқ хизмати органлари ўртасидаги электрон шаклда амалга оширилмаётган жараёнларни электрон кўринишга ўтказиш юзасидан ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўлда,
– Ҳозирда Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятларида электрон ҳисобварақ-фактураларни мажбурий тарзда расмийлаштиришни жорий этиш бўйича эксперимент ўтказилаётган бўлиб, унинг натижалари бўйича мазкур механизмни бутун мамлакат бўйлаб тизимли равишда амалга ошириш;
– Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари, солиқ солиш объекти вужудга келганда давлат солиқ хизмати органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиш;
– Республикамиз солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилган юридик ва жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ҳисоб маълумотларидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида маълум қилиш;
– давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилаётган камерал назорат жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва давлат солиқ хизмати органлари маълумотлари ўртасида аниқланган зиддиятлар бўйича тегишли тузатишлар киритиш бўйича хабардор қилиш;
– ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш асосида ҳисобга олинганда, солиқ тўловчига бу ҳақда хабарнома бериш;
– солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш бўйича талабнома бериш;
– ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризаларни юбориш;
– солиқ қарзини дебитор ҳисобидан ундирилиши юзасидан қарздорнинг дебиторлари “шахсий кабинети”га электрон билдиришномалар юборишни ва бошқа мулоқотларни электрон шаклга ўтказиш ва солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали амалга оширилган.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан яратилган ушбу имкониятлар, солиқ тўловчилар, айниқса, тадбиркорлик субъектларининг солиқ органларига ташрифларини камайтириш, вақт ва сарф-харажатларини тежаш, тадбиркорлик фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Акмал Назаров,
Давлат солиқ қўмитаси
Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими
давлат солиқ катта инспектори​

 

ЎзА