Шанхайда “China International Import Expo” импорт товарлари ва хизматлари биринчи Хитой халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Кенг миқёсли савдо форумида дунёнинг 3 минг 600 дан зиёд компаниялари вакиллари қатнашмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, тадбир давомида 400 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг ташрифи кутилмоқда.
Илк бор ташкил қилинаётган халқаро кўргазма ташаббускори Хитой томони ҳисобланади. 2017 йилнинг май ойида Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” ҳамкорлик форуми доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шанхайда 2018 йилдан бошлаб мунтазам равишда импорт товарлари кўргазмасини ташкил қилиш таклифини айтиб ўтган эди.
Кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди остида мамлакатимизнинг текстиль, чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, қурилиш моллари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги техникалари намойиш этилмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида мамлакатимиз туризм саноатини ва инфратузилмасини ривожлантириш, эркин иқтисодий зоналар фаолиятини самарали ташкил қилиш, иқтисодий ва сармоявий салоҳиятини ошириш ва юртимизда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокара ва учрашувлар олиб борилмоқда.
Халқаро форум юртимиз саноат корхоналари фаолиятини рағбатлантириш, инновацион ютуқларини намойиш этиш, дунё жамоатчилигини республикамизнинг илмий ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА