Сифатсиз озиқ-овқатлардан эҳтиёт бўлинг!

Қизиқ? Сотувчилар ўзи сотаётган мана шундай сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ўз оила аъзоларига ҳам истеъмол қилиш учун олиб боришармикан?
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Элобод» МФЙ «Мевазор» кўчасида яшовчи фуқаро Н.Тошназарованинг туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига, Бувайда қишлоғи марказида жойлашган савдо дўконидан сотиб олган озиқ-овқат маҳсулоти (лағмон ва қатиқ) сифатсизлигидан норози бўлиб билдирган мурожаати туман истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамияти, туман Давлат солиқ инспекцияси, туман ДСЭНМ ходимлари иштирокидаги таркибда тузилган ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганилди.
Ўрганув жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 12-моддаси (Истеъмолчининг товар (иш, хизмат) хавфсиз бўлишига талаб қўйиш ҳуқуқи) талаблари бузилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, мурожаатга асосан савдо дўконидаги чўзма лағмон маҳсулоти кўрилганда товарнинг асосий истеъмол хоссалари тўғрисидаги маълумотлар қадоқда кўрсатилмаганлиги кузатилди, ваҳоланки, бу Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси (Товар (иш, хизмат)лар тўғрисидаги маълумот) ҳамда 11-моддаси (Ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари) талаблари бузилганлигини кўрсатади. Шунинг билан биргаликда, истеъмолчи хариди учун сотувчи томонидан касса ёки товар чеки берилмасдан сотилган. Бу эса юқоридаги қонуннинг 10-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ қонунчилиги талаблари ижроси таъминланмаганлигини билдиради.
Ўрганиш давомида аниқланган ҳолат ва тўпланган ҳужжатларни қонуний кўриб чиқиш учун туман Прокуратурасига юборилди.
Баҳромжон Бойқўзиев
Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси​​

 

ЎзА