Бокс бўйича Қозоғистонда ўтаётган Осиё чемпионатининг 22 ёшгача бўлган эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги ярим финал баҳслари якунланди.

Эркаклар тоифасидаги ярим финал жангларида 10 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Жанг натижаларига кўра, 5 нафар вакилимиз финал йўлланмасини нақд қилган бўлса, қолган 5 нафари бронза медали билан тақдирланди.

Жумладан, -51 кг. вазнда Асилбек Жалилов, -63,5 кг. вазнда эса Абдуллоҳ Мадаминов, -75 килограммда Жавоҳир Умматалиев, -86 килода Самандар Жалолов ва +92 кг. вазнда Жаҳонгир Зокиров олтин медаль учун баҳсларни давом эттиради.

Шунингдек, Хўжаназар Нортожиев, Саят Илёсов, Шавкатжон Болтаев, Фазлиддин Эркинбоев ҳамда Диёрбек Ўралов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Хотин-қизлар ўртасидаги финал олди баҳсларда Фарзона Фозилова, Феруза Казакова, Айсанем Саруарова, Азиза Зокирова ва Диёрахон Абдуманнопова ўз вазн тоифаларида финалга чиққан бўлса, Ҳуморабону Мамажонова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Моҳинабону Абдуллаева, Ҳадичабону Абдуллаева ва Олтиной Сотимбоева бронза медалига эга чиқди.

Маълумот учун, Осиё чемпионатининг финал баҳслари 6-7 май кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА