Озарбайжоннинг Гёйгёль шаҳрида дзюдо бўйича поёнига етган «Европа кубоги-2024» мусобақасида уч марта Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, бир марта мадҳиямиз баралла янгради.
14 мамлакатнинг 323 нафар дзюдочиси иштирокидаги турнирда истеъдодли мураббий Тоҳир Файзиев етакчилигида 4 нафар ўсмир спортчимиз татамига чиқди. Уларнинг 3 нафари совриндорлар қаторидан жой эгаллади.
Мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этган Муҳаммадали Саъдуллаев -81 килограмм оғирликда бронза медалига эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Европа кубогининг илк кунида терма жамоамиз аъзоларидан Баҳром Асатов олтин, Шодиёр Шавкатов бронза медали соҳиби бўлган эди.
Т.Рўзиев, ЎзА