Мамлакатимиз дзюдочилари шу кунларда Озарбайжон ва Тожикистонда ўтказилаётган нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларга эришмоқда.

Озарбайжоннинг Гёйгёль шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Европа кубоги-2024 мусобақасининг илк кунида мамлакатимиз вакиллари олтин ва бронза медалларига эга чиқди.

14 та мамлакатнинг 323 нафар спортчиси иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг дастлабки кунги беллашувларида -60 килограмм вазнда кураш олиб борган Баҳром Асатов барча рақибларини енгиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Шодиёр Шавкатовга (-50) эса бронза медали насиб этди.

Бевосита беллашувлар жараёнига тўхталадиган бўлсак, Шодиёр Шавкатов илк даврада мезбонлар вакили Иброҳим Резазадени мағлуб этди. Чорак финалда нейтрал мақомда курашган Нарт Нагучевга ютқазиб қўйди. Бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувларида грузиялик Бориси Чадунели ҳамда озарбайжонлик Али Азимлидан устун келди. Бронза медали учун кечган баҳсда франциялик Аксел Кукдан кучли эканини намойиш қилди.

Баҳром Асатов биринчи даврада грузиялик Тсотне Ичкитидзе, иккинчи босқичда словениялик Гал Блазич, 1/4 финалда озарбайжонлик Мирҳалиг Искандаров, 1/2 финалда грузиялик Гиги Кеквиашвили, финалда озарбайжонлик Фарид Гараевни енгди.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтаётган «Катта дубулға» туркумига кирувчи турнирнинг кеча поёнига етган баҳсларида ҳамюртимиз Муҳаммад Жумаев 73 кг. вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақанинг икки кунлик натижаларига кўра, 2 та олтин ва 1 та кумуш медалга эга бўлган Австрия терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда, 2 олтин медалли Швейцария терма жамоаси иккинчи ва 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали бўлган Тожикистон терма жамоаси учинчи ўринда бормоқда.

Муҳаммад Жумаевнинг бронза медали ҳисобига Ўзбекистон терма жамоаси 64 давлат орасида 12-ўринни банд этиб турибди. Кучли ўнликдан Мўғулистон, Япония, Туркманистон, Канада, Қозоғистон, Хорватия, Франция терма жамоалари жой олган бўлса, Ўзбекистон терма жамоасидан кейинги ўринларда Италия, Буюк Британия, Грузия, Корея Республикаси, Испания, Бразилия каби давлатлар бормоқда.

Бугун, 5 май куни Душанбе татамиларида кечадиган сўнгги кунги мусобақаларда ҳамюртларимиздан Рината Илматова, Фотима Қуронбоева, Шаҳзодхўжа Шарипов, Азизбек Авазмуродов, Эрназар Сарсенбаев, Рустам Шораҳматов, Шохруҳхон Бахтиёров ва Муҳаммадқодир Мансуров баҳсларда иштирок этади.

Т. Рўзиев, ЎзА