Жорий йилнинг 24 июлидан 10 август кунига қадар Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпиаданинг футбол мусобақасида иштирок этадиган қарийб барча терма жамоалар номи аниқ бўлди.

Мазкур мусобақада тўрттадан жамоа худди шунча гуруҳга бўлинган ҳолда турнир ғолиблиги учун кураш олиб боради.

Қатарда якунига етган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогидан сўнг қитъамизнинг Олимпия ўйинларида иштирок этадиган учта терма жамоаси номи аниқ бўлди. Мусобақа натижасига кўра Япония термаси «D» гуруҳидан, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси «C» гуруҳидан, турнирнинг бронза медали соҳиби Ироқ эса «B» гуруҳидан жой олди. Тўртинчи ўринни эгаллаган Индонезия эса Олимпиадага чиқиш учун Африка кубогида 4-ўринни эгаллаган Гвинея термасига қарши 9 май куни қитъалараро плей-оффда майдонга тушади. Бир марталик ўтадиган мазкур ўйинда ғолиб бўлган жамоа Олимпиадага чиқади.

Шу тариқа, тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт тадбири бўлган Олимпия ўйинлари футбол мусобақасида гуруҳлар қуйидагича кўриниш олди:

«А» гуруҳ – Франция, АҚШ, Индонезия ёки Гвинея, Янги Зеландия;

«B» гуруҳ – Аргентина, Марокаш, Ироқ, Украина;

«C» гуруҳ – Ўзбекистон, Испания, Миср, Доминикан Республикаси;

«D» гуруҳи – Япония, Парагвай, Мали, Исроил.

Маълумот ўрнида, Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Қатарда ўтказилган Осиё кубогида Малайзияни 2:0, Қувайтни 5:0, Вьетнамни 3:0, Саудия Арабистонини 2:0, Индонезияни 2:0 ҳисобида енгди ва мамлакатимиз футбол тарихида илк маротаба Олимпиада йўлланмасига эга чиқди. Афсуски, финалда Япония термасига 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Энди Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси «Париж-2024» мусобақасида «С» гуруҳида иштирок этади. Мазкур гуруҳдаги илк ўйинимиз 24 июль куни Испания термасига қарши ўтади. Иккинчи тур эса 27 июль куни Мисрга қарши ўтса, 30 июль куни Доминикан Республикаси билан учинчи турда рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА