​Мақсад – маҳаллий олим ва ихтирочиларнинг илмий имкониятини юзага чиқариш

Инновацион технологияларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда дастурий таъминот воситаларини кенг жорий қилиш учун шароит яратиш, ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари комплексини ишлаб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 июндаги “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган “Яшнобод” инновацион технопарки ўтган давр мобайнида дастурий таъминот воситаларини жорий этиш, стартаплар ва уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Технопаркда Япония, Корея Республикаси, Тайвань, Исроил каби давлатларининг иш тажрибалари ўрганилиб, ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар киритилди.
– Бу каби инновацион технопаркларнинг фаолиятидан кўзланган мақсад ҳам маҳаллий олим ва ихтирочиларнинг илмий имкониятини юзага чиқаришдир, – дейди технопарк ДУК директори Фарҳод Жумаев. – Шундагина хорижлик мутахассисларга эҳтиёж қолмайди. Айтиш жоизки, замонавий ноу-хаулар маҳаллий ишлаб чиқаришга татбиқ этилади. Бу эса юртимиздаги корхоналарнинг жаҳон рақобат майдонидаги нуфузининг янада ортишини таъминлайди,
Ф.Жумаевнинг таъкидлашича, “Яшнобод” инновацион технопарки дирекцияси” давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Инновацион фаолиятни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасига ўтказилган ва бу ерда технопарк қатнашчиси мақоми 10 йилга танлов асосида берилиб, уларга бир қатор имтиёз ва афзалликлар йўлга қўйилган. Жумладан, ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахсларнинг мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилади. Шунингдек, уларга ўз ишлаб чиқариш ва қурилиш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган ускуна, хомашё, реактив ва бутловчи маҳсулотлар учун божхона тўловларида имтиёзлар берилади.
“Яшнобод” технопарки маъмурияти ва резидентлари онлайн-касса аппаратлари, нафақат нақд ва нақд пулсиз кўринишдаги касса ҳисоб-китобини амалга оширади, балки бир вақтнинг ўзида мазкур амаллар ҳақида солиқ органларига хабар жўнатади, коммунал хизматлар учун ҳақ тўлайди, ҳисобни тўлдиради ва бошқа операцияларни ҳам бажаради.
Технопарк мутахассисларининг айтишича, ҳозир “Яшнобод” инновация технопарки резиденти мақомини олиш учун кўп функцияли онлайн касса аппаратларини ишлаб чиқарувчи “My Air Group” масъулияти чекланган жамияти ва 3D принтерлар ишлаб чиқарувчи “Greencode” масъулияти чекланган жамияти ташаббускорларига резидентлик мақомини белгиловчи тегишли гувоҳномалар топширилган.
– Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш тармоғи жадал ривожланмоқда, – дейди “Greencode” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нурмат Худанов. – Биз технопаркда кўп соҳалар учун зарур бўлган бионик протезлар ясашга мўлжалланган 3D принтерлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидан 100 миллион сўм кредит олдик ва асбоб-ускуналар, хомашёлар сотиб олишга йўналтирдик. 4 нафар ходим ишлайдиган кичик корхонамиз маҳсулотлари ҳозирча мамлакатимиз ички бозорига мўлжалланган, лекин кейинчалик чет давлатларга ҳам экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бугунги кунда 3D принтерларига қўшни Қозоғистон ва Тожикистон давлатлари вакиллари томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.
Айни пайтда мазкур технопаркда биотехнология, фармацевтика, электр манбаини тежаш, электрон асбоб-ускуналар ва роботехника, машинасозлик, кимёвий технологиялар, муқобил энергия манбалари ва электрон ўлчов асбоблари, материалшунослик ва металларни қайта ишлаш технологияси сингари корхоналар фаолият юритмоқда. Уларнинг маҳаллий илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни амалга ошириш ва оммалаштириши учун барча шарт-шароит яратилган.

 

Даврон Суннатов, ЎзА