Инвесторлар қизиқиши ортмоқда

Хитойлик тадбиркорлар “Навоий” эркин иқтисодий зонасида юк ташишга мўлжалланган, шунингдек, кўп қаватли уйлар учун лифт ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштирмоқда.
Хорижлик инвесторлар эркин иқтисодий зона фаолияти билан танишиб, мазкур лойиҳа учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишини маълум қилди. Энг муҳими, янги заводда 5 нафар хорижлик мутахассис ва 30 нафар маҳаллий кадрлар иш билан таъминланади.
Мазкур давлатнинг “SDV Consulting Engineers” компанияси ҳам эркин иқтисодий зонада тадбиркорларга консалтинг хизматлари кўрсатишни йўлга қўймоқчи.
Эрон Ислом Республикаси делегацияси вакиллари ҳам Навоий вилоятида бўлиб, ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишди.
Меҳмонлар мамлакатларимиз ўртасидаги фан-техника соҳаларида ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди. Жумладан, Навоий давлат кончилик институти билан Имом Хумейний халқаро университети ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик ўрнатиш таклифи илгари сурилди. Тоғ-кон йўналишидаги илмий изланишлар, кашфиётлар, амалий машғулотларни биргаликда олиб боришга оид фикр-мулоҳазалар муҳокама қилинди.
Хорижлик меҳмонларни Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов қабул қилди.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА