Ўзбекистон бозорига Малайзиянинг қизиқиши кучаймоқда

Шу кунларда Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорацияси (MATRADE) раҳбарияти бошчилигидаги делегация бизнес миссия билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Тошкентда 1 ноябрь куни Ўзбекистон – Малайзия бизнес-форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки давлат ишбилармон доиралари, 100 га яқин етакчи корхона ва компания вакиллари иштирок этди.

Бизнес-форумни Малайзия ташқи савдони ривожлантириш корпорациясининг экспортни рағбатлантириш ва бозорга кириш масалалари бўйича директори Мустафо Абдул Азиз очиб берди. У салкам ўттиз йилдан буён Ўзбекистонга келишни орзу қилгани, ана шу нияти амалга ошганидан жуда мамнун эканини таъкидлади. Мустафо Абдул Азизнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва савдо муҳитига малайзиялик ишбилармонларда қизиқиш кучли.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов малайзиялик ишбилармонларни мамлакатимиз иқтисодиётига, хусусан, озиқ-овқат, туризм, фармацевтика, енгил саноат, логистика тармоқлари бўйича ҳамкорлик қилишга чақирди.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон маҳсулотларининг Малайзияга экспорти 271,4 фоизга ўсиб, 5,7 миллион долларни ташкил этган. Бугунги кунда Малайзия сармояси иштирокида мамлакатимизда 16 та корхона (шундан 13 таси қўшма корхона) фаолият кўрсатмоқда. Гарчи савдо айланмасида ўсиш кузатилаётган бўлса-да, эришилган натижалар икки мамлакат имкониятларига мос эмас.

Форум доирасидаги тақдимотларда меҳмонлар мамлакатимизда иқтисодиёт ва валюта бозорини эркинлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, эркин иқтисодий зоналарда хорижий сармоядорлар учун берилаётган имтиёзлар билан таништирилди.

photo5393412380773427587.jpg

photo5393412380773427588.jpg
– Ушбу форумнинг асосий мақсади икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат, – деди Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов. – Форум доирасида ўтказилган “B2B” учрашувлари истиқболда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, форумда Малайзиядан иштирок этган компаниялар асосан тиббиёт, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кино саноати каби соҳаларда фаолият кўрсатиб келади. Жумладан, телевизион тармоқлар учун медиа контент тайёрловчи “Aquila Emas Sdn. Bhd” компанияси вакиллари мамлакатимизда шу соҳа бўйича фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари, сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканини маълум қилди.

– 2013 йилда юртингизда “Бухоро шафағи” номли 26 қисмли сериални суратга олганмиз, – деди мазкур компания бошқарувчи директори Шаризан Муҳаммад Исо. – Ушбу сериал малайзиялик телетомошабинларга манзур бўлиб, бугунги кунда ҳам намойиш этилмоқда. Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилувчи фильмларга халқимиз қизиқади. 2019 йилда Бухоро ва Хивада янги фильмни суратга олишни режалаштирганмиз.

Тадбир якунида томонлар 2019 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда Малайзия ишбилармон доиралари вакилларининг навбатдаги бизнес миссиясини амалга оширишга келишиб олди.

 

Малоҳат Ҳусанова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА