“UzEnergyExpo-2018” ва “UzStroyExpo-2018”: энергетика ва қурилиш саноати ривожида муҳим қадам

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “UzEnergyExpo-2018 – Энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари. Энергосамарадорлик ва энергияни тежаш, электротехника, ёритиш” ўн учинчи ва “UzStroyExpo-2018 – Қурилиш ва пардозлаш материаллари, иситиш ва вентиляция тизимлари, сув таъминоти, сувни тозалаш, сантехника” саккизинчи халқаро кўргазмалар ўз ишини бошлади.
“International Expo Group” масъулияти чекланган жамияти кўргазмалар компанияси томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмаларда 14 мамлакатдан 170 дан ортиқ компаниялар иштирок этмоқда.
Мамлакатимиз электр энергетикасида ресурс тежовчи буғ-газ ускуналари ва қуёш энергиясидан фойдаланишнинг замонавий синалган технологияларини кенг миқёсда жорий этиш асосида мавжуд қувватларни босқичма-босқич модернизациялаш, янгиларини барпо этишга катта эътибор қаратилмоқда.
12.JPG
35.JPG
Анъанавий ташкил этилаётган “UzEnergyExpo” кўргазмаси бу каби ишлар амалиётида муҳим аҳамият касб этиб, унда трансформаторлар ва тақсимлаш ускуналари, назорат-ўлчов жиҳозлари, релели ҳимоя ва автоматика ускуналари, электротехник ва электрик жиҳозлар, кабель-ўтказгич маҳсулотлари намойишга кенг ўрин берилган. Кўргазма павильонларида Озарбайжон, Беларусь, Германия, Греция, Дания, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия, Туркия каби давлатлар қаторида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотлари сифати ва дизайни билан ажралиб туради.
Унда мамлакатимиздаги “Щит энергия” масъулияти чекланган жамияти юқори ва паст вольтли жиҳозларни ишлаб чиқариш соҳасидаги замонавий ишланмаларни тақдим этмоқда.
38.JPG
42.JPG
– 2013 йилдан фаолият кўрсатаётган корхонамиз электр жиҳозларини ишлаб чиқармоқда, – деди мазкур жамият директори Хуршид Матмурадов. – Маҳсулотларимиз экспортга йўналтирилган бўлса-да, ҳозирги кунда уларни ички бозордан орттириб, четга чиқаришга улгура олмаяпмиз. Чунки ўзимизда ҳам темир щитлар, темир шкафлар, қурилмалар, кўп қаватли уйларга мўлжалланган щитларга эҳтиёж кундан-кунга ортмоқда. Масалан, биз Сергели, Олмазор туманларида қурилган кўп қаватли уйлар учун электр жиҳозларини тўлиқ таъминлаб бердик. 50 нафардан ортиқ ишчимиз икки сменада меҳнат қилиб, бугунги замон талабига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратмоқда. Бугунги кўргазма жамоамиз учун тажриба алмашиш ва янгиликларни ўзлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш керакки, энергиянинг қайта тикланувчи ва алтернатив манбаларига ўтиш келажак авлодлар учун табиий ресурсларни асраш ва экологияни яхшилашда муҳим омиллардан. Мамлакатимиздаги “All solar” хусусий корхонаси, “Modern power systems” ва “Solar nature” масъулияти чекланган жамиятлари тақдим этаётган қуёш сув иситгичлари, шамол электростанциялари, мини гидроэлектростанциялари, қуёш коллекторлари, қуёш кўча ёритқичларини ишлаб чиқариш бўйича эришган ютуқлари ва изланишлари эътиборга лойиқ.
– Компаниямиз ушбу кўргазмада биринчи бор қатнашмоқда, – деди “Ankasim” компанияси вакили Меҳмет Бояси. – Бу ерда маҳаллий ва хорижлик компания вакилларининг ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда катта майдон яратилган. Биз бундан жуда мамнунмиз. Мақсадимиз юртингизда компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилаётган электротехникалар, жумладан, трансформаторлар, шкафлар, щитларни намойиш қилиб, ўзбек бозорида ўз ўрнимизни эгаллашдир.
29.JPG
43.JPG
Мамлакатимизда қурилиш саноатини ривожлантириш, бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш, қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёлардан кенг кўламда фойдаланиш ҳам айни кун учун муҳим масаладир. Шу маънода ташкил этилган “UzStroyExpo” халқаро кўргазмаси соҳа равнақида алоҳида аҳамият касб этади. Унда тижорат ва турар жой кўчмас мулк объектларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, қурилиш, пардозлаш, фасад материаллари ва жиҳозларига ихтисослашган компаниялар фаол иштирок этишмоқда. Булар орасида “Asian business-union” масъулияти чекланган жамияти (Ўзбекистон), “Caspian service construction” (Россия/Ўзбекистон), “Contec fiber ag” (Швейцария), “Alina group” (Қозоғистон) каби компания ва корхоналар бор.
– 2009 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган Сирдарё вилоятидаги ушбу “Peng Sheng” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаради, – деди қўшма корхона менежери Беҳзод Ҳотамбоев. – Турли ҳажмдаги кафеллар, ванналар, санузел жиҳозлари каби маҳсулотлар шулар жумласидан. Бу йилги кўргазмада ишлаб чиқарилган маҳсулотларимиз қаторида биринчи бор 60Х60 ҳажмдаги кафелларни тақдим қилдик. Бу турдаги кафеллар фақат маҳаллий хомаёшдан ишлаб чиқарилгани билан маҳаллий ва хорижлик кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотади, деб ўйлаймиз.
Жорий йилнинг 2 ноябригача давом этадиган мазкур кўргазмалар доирасида компаниялар тақдимоти ва семинарлар ташкил этилади.
Насиба Зиёдуллаева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА