20 миллион долларлик инвестицион ҳамкорлик

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Қувайтнинг “Аль Амакин аль-Аламий” корпорацияси ўртасида 20 миллион доллар миқдорида инвестицион ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжатда меҳмонхона ва пансионатлар қурилиши соҳасида ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Қувайтнинг “Аль Амакин аль-Аламий” корпорацияси раҳбари Насер аль Ажми билан учрашув бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Ерниязов меҳмонни Қорақалпоғистонга ташрифи билан қутлаб, ҳудуднинг географик жойлашуви, халқи, маъмурий бошқарув тузилиши, табиий бойликлари, шунингдек, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан таништирди.
Ўз навбатида “Аль Амакин аль-Аламий” корпорацияси раҳбари Насер аль Ажми самимий қабул учун Жўқорғи Кенгес Раисига миннатдорлик билдирди ва турли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА