Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар кўмагида уюштирилган “Республика ёш олимларининг инновацион лойиҳалари“ грант танлови иштирокчиларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Танловнинг мақсади талаба-ёшлар, таянч докторант ва мустақил изланувчилар тадқиқотларининг натижадорлигини ошириш, уларни ишлаб чиқаришга самарали жорий этиш, ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши ва интилишини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Интеллектуал тадбирда 200 дан ортиқ иштирокчи ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанлар бўйича ўз иқтидорини синаб кўрди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биотиббиёт кафедрасининг ассистенти Юлдузхон Камолова “Уй логопеди” деб номланган дастурий таъминот лойиҳаси билан иштирок этди. Ушбу лойиҳа мактаб ёшигача бўлган болаларнинг гапиришида учрайдиган нуқсонларни бартараф этиш ва юртимизнинг чекка ҳудудларида деффектолог, сурдолог, логопедларга бўлган эҳтиёж масаласини қисман бўлса-да ҳал қилишга қаратилган.
Навоий вилоятидан келган Бекзот Одилов электр токини ўтказмайдиган қурилмасини тақдим этди. Ёш ихтирочининг таъкидлашича, электр тизимида ишлаганда у қўлга тақиб олинса, инсон танасига ток ўтказмайди.
Танлов ғолиблари жорий йилнинг 1 ноябрь куни тақдирланади.
Н.Усмонова, ЎзА