Парламентлараро ҳамкорлик ривожланмоқда

Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан “Халқаро муносабатларни ривожлантиришда парламентлараро ҳамкорликнинг аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – парламент қуйи палатасининг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлигининг муҳим йўналишларини муҳокама қилиш, ривожланган давлатлар парламентларининг тажрибасини ўрганиш, парламентлараро алоқалар самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф, тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ҳамда бошқа соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлиги тобора ривожланиб бормоқда. Кейинги икки йил ичида юртимиз ташқи сиёсати борасида сифат жиҳатидан янги, салмоқли ишлар амалга оширилди. Етакчи хорижий давлатлар, аввало, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ натижаларга эришилди. Кўплаб олий даражадаги ташриф ва учрашувлар, қатор долзарб муаммолар ечимини топишга қаратилган янги шартнома ва келишувлар принципиал жиҳатдан янги мазмундаги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қонунчилик палатасида Грузия, Япония, Германия, Қозоғистон, Чехия, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Фаластин, Хитой, Саудия Арабистони ва Қирғизистон парламентлари делегациялари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Мамлакатимиз парламентида қабул қилинган хорижий делегациялар сони 47 тани ташкил этди. Шундан 25 таси парламент ва ҳукумат вакиллари ҳамда 22 таси мамлакатимизда аккредитациядан ўтган элчихоналар ва халқаро тузилмалар вакиллари таркибидаги делегациялардир.
Шу билан бирга, миллий парламентимизда ташкил этилган парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Қонунчилик палатасида хорижий давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича 21 парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолият кўрсатмоқда, шундан 17 таси Сенат билан ҳамкорликда тузилган.
Давра суҳбатида парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ривожланган давлатлар парламентларининг қонун ижодкорлик соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар қонунчилигини қиёсий таҳлил қилиш, халқаро амалиётдан самарали фойдаланган ҳолда қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатини ошириш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалар якунида “парламент дипломатияси“ни кенгайтириш орқали халқаро майдонда мамлакатимиз миллий манфаатларини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА