28 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивали бошланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу йирик тадбир «Ҳамкорлик, ташаббуслар ва инновациялар» шиори остида ўтказилмоқда.
Фестивалнинг расмий очилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев, Россия Федерацияси Президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси департаменти бошлиғи Алексей Власов, Россия ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари Татьяна Селиверстова сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қутлади.
Таъкидланганидек, ушбу фестивалда икки мамлакат ёшларининг ўзаро дўстона мулоқоти, тадбиркорлик, туризм каби соҳалар бўйича тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва ҳамкорликда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш мўлжалланмоқда.
Фестивалда Россия ёшлари иттифоқи, ишбилармон доиралари, олий таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат делегация иштирок этмоқда.
Фестивалнинг илк кунида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбарияти ва делегация таркибидаги расмий доира вакиллари ўртасида учрашув ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, меҳмонларнинг Тошкент шаҳри бўйлаб сайёҳати уюштирилди.
Ўзбекистон – Россия ёшлар бизнес форуми, туризм мавзусига бағишланган амалий конференция, ёш журналистлар ва блогерлар конгресси каби қатор тадбирларни ўз ичига олган фестиваль жорий йилнинг 1 ноябрига қадар давом этади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон – Россия ёшлар фестивалига Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари мезбонлик қилади.