Иқтисодий ва ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммолар бартараф этилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада тўпланиб қолган кўплаб муаммолар ечимини топиш, уларни бартараф этишда давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этиш орқали ижобий натижаларга эришилмоқда. Буни биз бугунги кунда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб бораётган ижтимоий соҳа ташкилотлари, айниқса, чекка ҳудудларда ҳам ихчам барча қулайликларга эга болалар боғчалари, мактаблар ташкил қилиниб самарали фаолият олиб бораётганида ҳам кўришимиз мумкин.
Ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинган муассасалардаги харажатларнинг маълум бир қисми бюджетдан субсидиялар ажратиш орқали қопланиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан ижтимоий аҳамиятга эга муассасалар ташкил қилиш эвазига ҳам фойда олиш имкониятини кенгайтириб, жойлардаги ижтимоий муаммолар ечилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз томонидан куни кеча қабул қилинган “Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу соҳада ҳали ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида шериклик асосида фаолият олиб бораётган ташкилотларнинг ўзаро алоқаларини мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, бу агентликка ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифаларни ўзаро манфаатли шароитларда тезкорлик билан ҳал этиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тизимини самарали бошқариш ва мувофиқлаштириш, давлат ва бизнес ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминлаш вазифаси юкланмоқда.
Хусусан Агентлик давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиши, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг самарадорлиги ва афзалликларини баҳолаш услубини ишлаб чиқиши, бу соҳадаги лойиҳаларни амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлаши, лойиҳалар концепцияларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларга кўмаклашиши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, шериклик лойиҳалари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашиши, лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари, шу жумладан, юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни аниқлаш ва тақсимлаш юзасидан уларнинг таклифларини кўриб чиқиши, лойиҳаларга жалб қилинган бюджет тизими маблағларидан фойдаланилишини, лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш амалиётини мониторинг қилиб бориш вазифаси юкланмоқда.
Бундан ташқари, Агентлик давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларида инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ҳам ташкил қилади.
Агентлик давлат муассасаси бўлиб, давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади, бундан кейин соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, танлов ҳужжатлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар лойиҳалари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар мажбурий тартибда Агентлик билан келишилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Бу соҳадаги қонунчиликни янада ривожлантириш, ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, жорий йил якунига қадар давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва таъминлаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида халқаро молия институтлари, донор-давлатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорликни ўрнатишни ўз ичига олган Дастур ишлаб чиқилиши ҳам белгиланмоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Агентлик ташкил қилиниши, аввало, мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик соҳаси вакиллари фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлайди, иқтисодиёт тармоқлари, шунингдек, ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни давлат-хусусий шериклик тизимини жорий қилиш орқали бартараф этади. Бу соҳани ривожлантиришга хорижий ва маҳаллий инвесторлар маблағларини кенг жалб қилишга кўмаклашади.
Абдиғани Умиров,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати​
ЎзА