Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси ва ҳамкор ташкилотларнинг кўмаги билан Ўзбекистондаги барча ОТМлар (хорижий ОТМлар филиаллари ҳам) ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини доирасида меҳнат ҳуқуқларига бағишланган «Талабалар кубоги» ташкил этилади.
Турнирда ҳар бир ОТМдан 7 нафардан иборат биттадан жамоа иштирок этади.
Интеллектуал турнир 2 босқичда бўлиб ўтади:
1-босқич – минтақавий саралаш босқичи;
2-босқич – Республика босқичи.
Минтақавий саралаш босқичида республика бўйлаб 4та минтақа доирасида жамоалар ўзаро куч синашади. Булар қуйидагилар:
1-минтақа – Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах;
2-минтақа – Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм;
3-минтақа – Фарғона, Андижон, Наманган;
4-минтақа – Тошкент шаҳри, Сирдарё ҳамда Тошкент вилояти.
Минтақавий саралаш босқичи қуйидаги саналарда бўлиб ўтади:
Самарқанд шаҳрида – 29 октябрь
Бухоро шаҳрида – 31 октябрь
Фарғона шаҳрида – 2 ноябрь
Тошкент шаҳрида – 4 ноябрь
Тошкент минтақасида ўтказилган саралаш босқичида дастлабки 6 та ўрин, қолган ҳар бир минтақавий саралаш босқичида дастлабки 3 та ўринни эгаллаган жамоалар республика босқичига йўлланмани қўлга киритади.
Республика босқичи ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади ва унда 15 та жамоа иштирок этади.
Республика босқичида чемпион бўлган жамоанинг барча 7 нафар талабаси Италиянинг Турин шаҳрида бўладиган 1 ҳафталик ўқув семинари учун бепул йўлланмани қўлга киритади.
Шунингдек, республикада чемпион бўлган ОТМ жамоаси «Заковат» интеллектуал кўрсатувининг экран орқали бўлиб ўтадиган ўйинларида иштирок этади.
Минтақаларда ғолиб бўлган ОТМ жамоалари эса экран орқали бўладиган «Урфон-шоу» интеллектуал кўрсатувида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Турнирда иштирок этишни истаган ОТМлар жорий йилнинг 24 октябрь санасига қадар ташкилий қўмита номига ариза ҳамда жамоа таркиби ва жамоа мураббийи ҳақидаги маълумотларни zakovatturniri@gmail.com электрон манзилига юборишлари лозим.
Турнир Низомини ва ариза шаклини шу ердан юклаб олишингиз мумкин.
Турнирнинг барча харажатлари (хусусан, иштирокчиларнинг транспорт ва меҳмонхона харажатлари ҳам) Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қопланади.
Талабалар ўртасидаги илк йирик интеллектуал турнирда иштирок этинг!
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.