Ўзбекистон ва Қатар миллий терма жамоалари бош мураббийлари ва етакчи футболчилари ўртасида матбуот анжумани ўтказилди.
Хабарингиз бор, эртага пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда ФИФАнинг кунларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатар миллий термаси билан халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Бир неча дақиқа олдин ҳар иккала терма жамоа бош мураббийлари ва етакчи ўйинчилари иштирокида мазкур ўйинга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманнинг биринчи қисмида мамлакатимиз бош жамоасининг устозига Одил Ҳамробеков ҳамроҳлик қилди. Эктор Купер сўз олар экан, Қатарга қарши ўйиндан кўзланган асосий мақсад КХДРга қарши ўйиндаги тартибли ҳимояни янада такомиллаштириш, янги футболчиларнинг айримларини синовдан ўтказиш эканлигини таъкидлади.
“Рақиблар ўйинини таҳлил қилиб боряпмиз. Келаси ўйинларда ўз мутахассисларимизни рақиб ўйинларини ўрганиш учун юборишни ният қилганмиз. Биз биринчи ўринда рақибга қараб мослашишни эмас, балки ўз ўйин услубимизни яратишга ҳаракат қиламиз.
Ҳеч бир ўйинчига терма жамоада жой кафолатланмаган. Мен кимнидир термага чақирсам ёки чақирмасам бу ҳақда батафсил маълумот беришни истамайман. Кимнидир йиғинга чақирмасам ўша футболчи қайтиб терма жамоада ўйнамайди, дегани эмас. Айтайлик, Виталий Денисов жароҳати борлиги сабаб бу гал йиғинга таклиф этмадик. Терма жамоанинг ўйини унинг юзидир. Биз ўз юзимизни яратиш ҳаракатидамиз. Ўйинлар давомида кўплаб тактикаларни синаб кўрамиз. Бизда албатта захира ўйин услублари бор. Кейинги ўйинлар натижасига қараб бошқа футболчиларни ҳам синаб кўрамиз. Кейинги йиғинимиз бир ойдан кейин ташкил этилади. Умид қиламанки кейинги йиғинга ҳам футболчилар яхши формада қайтиб келишади”, деди аргентиналик мутахассис.
Журналистлар саволларига жавоб берар экан, Одил Ҳамробеков ҳам ўз фикрларини билдирди: «Миллий» стадионининг майдонини ёмон деб айта олмайман. Бу майдонда кўплаб ўйинлар ўтказилаётгани сабаб идеал ҳолатда эмас. Лекин бу бизнинг яхши ўйнамаслигимиз учун баҳона бўла олмайди. Эртага фақат ғалаба учун майдонга тушамиз”.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Қатар терма жамоаси бош мураббийи Феликс Санчез Бас ҳамда футболчи Муҳаммад Албакри иштирок этишди.
Санчез Баснинг айтишича, эртанги учрашувдан кўзланган мақсад чиройли ўйин намойиш этиш ва имкон қадар ўзларини қаноатлантирадиган натижани қўлга киритиш.
“Биз доимо ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам мувозанатни ушлашга ҳаракат қиламиз. Эквадорга қарши ўйиндан сўнг айрим ўйинчиларга дам беришга қарор қилдик. Улар биз учун муҳим ўйинчилар. Уларни Осиё Чемпионлар лигасида ҳам муҳим ўйинлар кутиб турибди. Бизда уларни ўрнини боса оладиган ўйинчилар борлиги учун ҳам уларни бу ерга олиб келмадик. Мен бу терма жамоада анчадан бери ишлаяпман. Қатарда мени барча нарса қониқтиради. Эртанги эришилажак ижобий натижа ҳам фаолиятимнинг бир маромда давом этишига таъсирини кўрсатади”, деди бош мураббий.
Футболчи Муҳаммад Албакри Ўзбекистон термасига қарши учрашувга кўп тайёргарлик кўрганлигини, эртанги ўйин қийин кечишини таъкидлаб ўтди. “Қатарда авлодлар алмашинуви юз бермоқда. Жамоамизга мукаммалликка эришиш учун озгина вақт керак ва тез орада сиз Қатарнинг ҳақиқий кучини кўрасиз”, дея сўзини тамомлади Муҳаммад Албакри.
Ойбек Юнусов, ЎзА