Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари Ички ишлар вазирликлари жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан ўзаро фикр алмашишди.
Бугун, 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Д.Назармуҳамедов ва Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полиция генерал-лейтенанти В.Эйвазов раҳбарлигида икки томон Ички ишлар вазирликларининг Биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда ахборот алмашинувининг бугунги ҳолати ва келажак истиқболлари, умумий жиноятчиликка қарши курашиш ва қидирув фаолияти соҳасида томонларнинг ҳамкорлиги, транспорт хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ўзаро ҳамкорлик ҳолати ва уни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини таъминлаш бўйича тўпланган тажриба юзасидан ўзаро фикр алмашишди.
Йиғилиш якунида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик Баёноти имзоланди.
Ташриф доирасида Озарбайжон делегациясининг Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар билан танишишлари режалаштирилган.
Латофат Бўриева
ЎзА