Мустаҳкам ҳамкорликнинг истиқболли ютуқлари

Мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, замонавий ишлаб чиқариш субъектлари фаолиятини кенгайтириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган изчил ишлар самарасида ҳудудларда кўплаб янги корхоналар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий, соғлиқни сақлаш ва бошқа қатор соҳаларда мустаҳкам ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган. Жумладан, Навоий вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилаётир.
Бундан 10 йил аввал юртимизда илк бор ташкил этилган “Навоий” эркин иқтисодий зонасида бугунга келиб 20 дан ортиқ замонавий корхона фаолият кўрсатиб, уларда минглаб маҳаллий ва хорижлик мутахассислар меҳнат қилмоқда.
Эркин иқтисодий зонадаги корхоналар томонидан маиший техникалардан тортиб, автомобиль эҳтиёт қисмларига қадар бўлган зарур воситалар тайёрланмоқда.
Масалан, “UzMinda” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида автомобиллар учун йилига 250 минг дона 30 турдаги эҳтиёт қисмлар тайёрланмоқда. 90 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган жамоада “GM Uzbekistan” автомобиль заводининг “Damas”, “Matiz”, “Nexia 3”, “Gentra” русумли уловлари учун спидометр, эшик тутқичлари ишлаб чиқарилаётир.
– Миллий автомашиналаримиз сифати учун корхонамизда тайёрланадиган ҳар бир эҳтиёт қисм халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши шарт, – дейди қуйиш цехи оператори Ж.Эргашев. – Масалан, биз бир кунда “Nexia 3” автомобиллари учун 540 дона эшик тутқичи ишлаб чиқарамиз.
Йиғиш цехида ишлаб чиқарилган қисмлар жамланиб, уларнинг сифати назоратдан ўтказилади. Ишчиларнинг асосий қисми ёшлардан иборат. Корхонанинг ўзида сифат лабораторияси ташкил этилган, қадоқланган маҳсулотлар автомобиль заводларига жўнатилишдан олдин назоратчи ходимлар томонидан яна бир бор текширилади.
Ишчилар учун тиббиёт хонаси, бепул овқатланиш, шунингдек, келиб-кетиш учун автобус қатнови йўлга қўйилган.
– Йил охирига қадар “Laсetti” ва “Nexia 3” русумли автомобиллар учун магнитола ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз, – дейди корхона бош директори ўринбосари Т.Ражабов. – Бу лойиҳа ишга тушиши билан яна ўн кишининг бандлиги таъминланади.
Дарҳақиқат, иқтисодий ҳудуднинг автомагистраль, денгиз портларига олиб чиқувчи темир йўл билан боғлангани, “Навоий” халқаро аэропорти негизидаги логистика марказига яқин жойлашгани хорижий ва маҳаллий сармоядорлар учун қўшимча қулайликдир.
Жорий йилнинг ўтган даврида халқаро аэропортдан Ҳиндистонга йирик ҳажмда юк ташилган. Логистика маркази орқали Навоий – Деҳли йўналишида 1 миллион 83 минг килограммдан ортиқ оғирликдаги буюртмалар манзилига етказиб берилган.

 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА