Парижда «TOP RESA-2018» фаолиятига старт берилди. Дунёдаги энг нуфузли ва энг кўп меҳмон ташриф буюрувчи туристик кўргазмалардан бири – «TOP RESA-2018» туризмнинг барча йўналишлари, бизнес-сафарлар ва event-саноатларини ўз ичига қамраб олган.
Кўргазма янгиликлардан хабардор бўлиш ва фикр алмашишни истовчи туристик бюролар, ташувчилар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туристик агентликлар ва туроператорларни бир жойга тўплади.
Франция пойтахтида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (МАК) томонидан ташкил қилинган ягона миллий стенд остида намойиш этилди. Экспозицияда Қўмита ва МАК вакилларидан ташқари, шунингдек «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда мамлакатимизнинг туристик компаниялари вакиллари ҳам қатнашишмоқда.
Миллий стендда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз, Термизнинг диққатга сазовор масканлари ва Ўзбекистоннинг бошқа туристик йўналишларига оид қўлланмалар, видеоматериаллар, рисолалар, халқ-амалий санъати намуналари, йўлкўрсатувчилар ва ахборот материаллари тақдим этилган.