Осиё тараққиёт банки (ОТБ) жорий йилнинг 25-28 сентябрь кунлари Тошкентда “Кичик бизнесни кредитлашда хатарларни бошқариш” мавзусида минтақавий семинар ўтказди.
Тўрт кунлик семинарда мамлакатимиз вакилларидан ташқари, Қирғизистон, Покистон давлатларининг марказий ва тижорат банклари мутахассислари кредит, операцион хатарларни бошқариш ва баҳолаш тамойиллари, пул оқимлари ва мижоз кафолатларини таҳлил қилиш борасида тажриба алмашди. Шунингдек, тингловчилар ОТБ экспертлари иштирокида кичик бизнесда хатарларни камайтириш усуллари, банклар кредит портфели кўрсаткичларини такомиллаштириш каби масалаларда муҳокамалар ўтказди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ушбу семинарни ОТБ маслаҳатчиси Мартин Кролл, инвестициялар бўйича бош мутахассис Асиф Чима каби тажрибали экспертлар олиб борди.
Семинарнинг сўнгги куни ОТБнинг молиявий масалалар ва хатарларни бошқариш бўйича вице-президенти Ингрид ван Вис хоним иштирокида ўтди. У ўз чиқишида ОТБ Осиё-Тинч Океани минтақасидаги кўплаб тижорат банклари ҳамкорлигида кичик бизнесни ривожлантиришга кўмак берётгани, хусусан, айни жараён Ўзбекистон мисолида олинадиган бўлса, ОТБ 1996 йилдан буён савдо молиялаштириш дастурлари орқали кредитлар, инвестициялар билан маҳаллий ишбилармонларни қўллаб-қувватлаб келаётганини қайд этди.
ОТБнинг навбатдаги минтақавий семинари Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилади.