“Iteca Exhibitions”: бу галги кўргазмалар ўзига хос тарзда ташкил этилади

Жорий йилнинг 3-5 октябрь кунлари пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида “Қадоқлаш ва босма иши – O’ZuPACK – O’ZBEKinPRINT” ҳамда “Пластмасса ва полимерлар саноати – Plastex Uzbekistan” анъанавий халқаро кўргазмалари бўлиб ўтади.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган кўргазмалардан асосий мақсад мазкур йўналишларни янги босқичга кўтариш ва тизимга энг янги технологияларни жалб қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси маркетинг менежери Баҳром Тўйчиевнинг маълумот беришича, бу йилги кўргазмалар намойиши ҳам ўзига хос тарзда ташкил этилади. Ўтган галги намойишда 12 давлатдан 80 компания қатнашган бўлса, бу сафар 16 мамлакатдан 140 компаниянинг иштироки кутилмоқда. Улар орасида биринчи бор қатнашаётган иштирокчилар ҳам бор. Кўргазмага қизиқувчилар учун онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилган.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА